مَن كَانَ يُرِيدُ حَرۡثَ ٱلۡأٓخِرَةِ نَزِدۡ لَهُۥ فِي حَرۡثِهِۦۖ وَمَن كَانَ يُرِيدُ حَرۡثَ ٱلدُّنۡيَا نُؤۡتِهِۦ مِنۡهَا وَمَا لَهُۥ فِي ٱلۡأٓخِرَةِ مِن نَّصِيبٍ
Ким охират ҳосилини истаса, Биз унга ҳосилини зиёда қилиб берурмиз. Ким дунё ҳосилини истаса, Биз унга ўшандан берурмиз ва унга охиратда бирон насиба бўлмас. (Бу дунё ризқини хоҳлаб, ўшанга яраша ҳаракат қилган бандага бу дунё ризқини беради. Аммо бу дунё ризқини истаган ўша бандага охиратдан ҳеч қандай насиба қолмайди. Охират ҳосилини истаган одам эса, бу дунё ҳосилидан ҳам бошқалардан кўра яхшироқ баҳраманд бўлади. Аллоҳга иймон келтириб, Унинг шариатига амал қилганлар яхши оқибатга эришишлари турган гап.)
أَمۡ لَهُمۡ شُرَكَـٰٓؤُاْ شَرَعُواْ لَهُم مِّنَ ٱلدِّينِ مَا لَمۡ يَأۡذَنۢ بِهِ ٱللَّهُۚ وَلَوۡلَا كَلِمَةُ ٱلۡفَصۡلِ لَقُضِيَ بَيۡنَهُمۡۗ وَإِنَّ ٱلظَّـٰلِمِينَ لَهُمۡ عَذَابٌ أَلِيمٞ
Ёки уларнинг диндан Аллоҳ изн бермаган нарсаларни шариат қилиб берган шерик (худо)лари борми?! Агар ажрим калимаси бўлмаганида, албатта, улар ўртасида ҳукм қилинган бўлар эди. Албатта, золим кимсалар учун аламли азоб бордир. (Динсиз, иймонсиз кишилар, Аллоҳнинг амрига юрмасдан, турли гуноҳ ишларни қиладилар. Гуноҳ ишларга Аллоҳ таоло изн бермагани, уларни ман қилгани жуда ҳам равшан. Аммо баъзи одамлар гуноҳ ва маъсиятларни бемолол қилмоқдалар. Уларга мазкур гуноҳ ва маъсиятларни қилишга ким изн беради? Аллоҳга шерик келтирган худоларими?! Ўша шерик худолари уларга Аллоҳ изн бермаган ишларни қилишни қонунлаштириб берганми? Агар бандаларнинг амалларига савоб ёки азоб қиёматда бўлиши ҳақидаги ажрим сўзи бўлмаганида, бандалар орасида ҳозироқ ҳукм қилиниб қўйилган бўлар эди.)