وَإِذۡ قَالَ إِبۡرَٰهِيمُ لِأَبِيهِ وَقَوۡمِهِۦٓ إِنَّنِي بَرَآءٞ مِّمَّا تَعۡبُدُونَ
Эсла, Иброҳим отасига ва қавмига: «Мен, албатта, сиз ибодат қилаётган нарсадан воз кечгувчиман.
إِلَّا ٱلَّذِي فَطَرَنِي فَإِنَّهُۥ سَيَهۡدِينِ
Магар мени яратган зотдангина (воз кечмасман). Албатта, У зот мени ҳидоят қилур», деган эди.
وَجَعَلَهَا كَلِمَةَۢ بَاقِيَةٗ فِي عَقِبِهِۦ لَعَلَّهُمۡ يَرۡجِعُونَ
Ва бу(сўз)ни у ўз ортидан зурриётига боқий қолгувчи қилди. Шоядки (иймонга) қайтсалар. (Яъни, Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳга ибодат қилмаслик ҳақидаги сўзни, бошқача айтганда, «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни ўзидан кейин келадиган зурриётлари ичида боқий қоладиган қилди. Шоядки зурриётлари куфр ва ширкдан иймонга қайтсалар.)
بَلۡ مَتَّعۡتُ هَـٰٓؤُلَآءِ وَءَابَآءَهُمۡ حَتَّىٰ جَآءَهُمُ ٱلۡحَقُّ وَرَسُولٞ مُّبِينٞ
Мен эса, анавиларни ва уларнинг ота-боболарини, то уларга ҳақ ҳамда очиқ-ойдин Пайғамбар келгунча фойдалантирдим.
وَلَمَّا جَآءَهُمُ ٱلۡحَقُّ قَالُواْ هَٰذَا سِحۡرٞ وَإِنَّا بِهِۦ كَٰفِرُونَ
Қачонки уларга ҳақ келганида, улар: «Бу сеҳрдир ва, албатта, биз бунга кофирдирмиз», дедилар.
وَقَالُواْ لَوۡلَا نُزِّلَ هَٰذَا ٱلۡقُرۡءَانُ عَلَىٰ رَجُلٖ مِّنَ ٱلۡقَرۡيَتَيۡنِ عَظِيمٍ
Улар: «Ушбу Қуръон икки шаҳардан (бирида) бўлган улуғ кишига нозил қилинганида эди», дедилар. (Уларнинг жоҳилий ўлчовлари бўйича молу дунёси кўп, мансаби, ҳукми ва султони бор одам «улуғ киши» деб эътироф этиларди. Ана шундай одам Пайғамбар бўлишга лойиқ эди. Ўша пайтда мушрикларнинг бу мақомга номзодлари ҳам бор эди. Маккада ал-Валид ибн Муғийра, Тоифда Урвату ибн Масъуд ас-Сақафий исмли одамлар бўлиб, мушриклар ана шулардан бири Пайғамбар бўлса арзийди, деган фикрда эдилар.)