فَهَلۡ يَنظُرُونَ إِلَّا ٱلسَّاعَةَ أَن تَأۡتِيَهُم بَغۡتَةٗۖ فَقَدۡ جَآءَ أَشۡرَاطُهَاۚ فَأَنَّىٰ لَهُمۡ إِذَا جَآءَتۡهُمۡ ذِكۡرَىٰهُمۡ
Улар (қиёмат) соатининг бирдан келишидан бошқа нарсага интизор бўлишаётгани йўқ. Дарвоқеъ, аломатлари келиб ҳам қолди. Агар у келиб қолса, улар қаердан эслатма олурлар?! (Пайғамбар алайҳиссаломнинг мажлисларига кириб ҳеч нарсани тушунмай чиқаётган ғофил мунофиқлар ва уларнинг издошлари нимани кутишяпти? Уларга нима керак? Улар қиёмат соатининг бирдан, тўсатдан келиб қолишидан бошқа нарсани кутишаётгани йўқ. Қиёматнинг аломатлари эса, келиб қолди. Демак, ўзининг келиши ҳам яқин. Қиёматнинг энг катта аломатларидан бири Муҳаммад алайҳиссаломнинг Пайғамбар этиб юборилишлари. Чунки у киши Пайғамбарларнинг охиргиларидирлар. У кишидан кейин Пайғамбар келмайди, балки қиёмат келади.)
فَٱعۡلَمۡ أَنَّهُۥ لَآ إِلَٰهَ إِلَّا ٱللَّهُ وَٱسۡتَغۡفِرۡ لِذَنۢبِكَ وَلِلۡمُؤۡمِنِينَ وَٱلۡمُؤۡمِنَٰتِۗ وَٱللَّهُ يَعۡلَمُ مُتَقَلَّبَكُمۡ وَمَثۡوَىٰكُمۡ
Бас, билгин: Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ, ўзингнинг, мўминларнинг ва мўминаларнинг гуноҳларини мағфират қилинишини сўра. Аллоҳ сизларнинг кезар жойларингизни ҳам, борар жойларингизни ҳам билур. (Аллоҳ таолонинг «Билгин» деб хитоб қилиши ақида масаласида билим зарурлигига таъкиддир. Бу ишда кўр-кўрона тақлид фойда бермайди. Демак, «Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ»лигига ақида қилиш билим асосида бўлиши жуда ҳам яхши бўлар экан.)