يَـٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ إِن تُطِيعُواْ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ يَرُدُّوكُمۡ عَلَىٰٓ أَعۡقَٰبِكُمۡ فَتَنقَلِبُواْ خَٰسِرِينَ
Эй иймон келтирганлар! Агар куфр келтирганларга итоат қилсангиз, орқангизга қайтарурлар. Бас, зиён кўргувчиларга айланиб қоласиз. (Маълумки, мусулмонлар Уҳуд ғазотида қисман мағлубиятга учрадилар. Бу иш Мадинаи Мунавварада улар билан бирга яшаб турган кофир ва мунофиқларга иғво учун катта баҳона бўлди. Бадр ғазотидаги ғалабадан сўнг ҳамма мусулмонларга ҳавас билан қараб, улар билан ҳисоб-китоб қиладиган бўлиб қолган эди. Аммо Уҳуддан кейин барча иш тескарисига айланди. Кофир ва мунофиқлар мусулмонларга паст назар билан қарайдиган, уларга насиҳат қиладиган ва ўзларича «тўғри йўл» кўрсатадиган бўлиб қолдилар.)
بَلِ ٱللَّهُ مَوۡلَىٰكُمۡۖ وَهُوَ خَيۡرُ ٱلنَّـٰصِرِينَ
Йўқ! Аллоҳ хўжангиздир. Ва У ёрдам берувчиларнинг яхшисидир! (Йўқ, улар сизга ёрдам ҳам бера олмайди, ҳомий ҳам бўла олмайди. Балки Аллоҳ таоло сизнинг хўжангиз ва валийингиздир. Ҳақиқий ёрдам берувчиларнинг яхшиси ҳам ёлғиз Удир.)
سَنُلۡقِي فِي قُلُوبِ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ ٱلرُّعۡبَ بِمَآ أَشۡرَكُواْ بِٱللَّهِ مَا لَمۡ يُنَزِّلۡ بِهِۦ سُلۡطَٰنٗاۖ وَمَأۡوَىٰهُمُ ٱلنَّارُۖ وَبِئۡسَ مَثۡوَى ٱلظَّـٰلِمِينَ
Тезда куфр келтирганларнинг қалбига, Аллоҳга ҳужжатсиз нарсани ширк келтирганлари учун, қўрқувни соламиз. Уларнинг қароргоҳи дўзахдир. Золимларнинг жойи қандай ҳам ёмон! (Агар мўминлар ҳақиқий иймон эгалари бўлсалар, улар ҳар қачон кофирлар билан тўқнашганларида, Аллоҳ таоло кофирлар қалбига қўрқувни солиб қўяди. Чунки кофирлар ҳужжатсиз, қувватсиз, имконсиз нарсаларга таянадилар.)