مَّآ أَصَابَكَ مِنۡ حَسَنَةٖ فَمِنَ ٱللَّهِۖ وَمَآ أَصَابَكَ مِن سَيِّئَةٖ فَمِن نَّفۡسِكَۚ وَأَرۡسَلۡنَٰكَ لِلنَّاسِ رَسُولٗاۚ وَكَفَىٰ بِٱللَّهِ شَهِيدٗا
Сенга етган яхшилик Аллоҳдандир. Ва сенга етган ёмонлик ўзингдандир. Биз сени одамларга Пайғамбар қилиб юбордик. Шоҳидликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур. (Бу оятда яна бир ҳақиқатнинг баёни келмоқда. Инсон Аллоҳ кўрсатган йўлдан юрса, яхшиликни қилиб, ёмонликдан қайтса, Аллоҳ таоло уни қўллаб-қувватлайди ва зафарга эриштиради. Бу ҳолда инсон Аллоҳ кўрсатган йўлдан юрди, Унинг шариатига амал қилди, Унинг мадади ила фаолият кўрсатди, у кўрсатган яхшиликни қилди ва ёмонликдан четланди. Натижада яхшиликка эришди. Албатта, бу яхшилик Аллоҳдандир. Аммо инсон Аллоҳнинг йўлидан юрмаса, У берган ақлни тўғриликча ишлатмаса, Унинг шариатига амал қилмаса, буюрган яхшилигини бажармаса, қайтарган ёмонликдан қайтмаса, ўзидан кўрсин–оқибат, албатта, ёмон бўлади. Бу ёмонликка унинг ўзи сабабчидир. Сенинг вазифанг Пайғамбарлик–элчилик қилиш. Одамларга яхшилик ёки ёмонлик етказиш эмас. Бир нарсани бор ёки йўқ қилиш Аллоҳнинг қўлида. Xаммасига Аллоҳнинг Ўзи шоҳид. Шоҳидликка эса, Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур.)
مَّن يُطِعِ ٱلرَّسُولَ فَقَدۡ أَطَاعَ ٱللَّهَۖ وَمَن تَوَلَّىٰ فَمَآ أَرۡسَلۡنَٰكَ عَلَيۡهِمۡ حَفِيظٗا
Ким Пайғамбарга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлади. Ким юз ўгирса, Биз сени уларга қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ.