إِنَّكُمۡ لَتَأۡتُونَ ٱلرِّجَالَ شَهۡوَةٗ مِّن دُونِ ٱلنِّسَآءِۚ بَلۡ أَنتُمۡ قَوۡمٞ مُّسۡرِفُونَ
Албатта, сизлар аёлларни қўйиб, эркакларга шаҳват ила яқинлик қилмоқдасизлар. Йўқ! Сизлар исрофчи қавмсиз!» деганини эсла. (Лут (а. с.) қиссаларида, у зот дафъатан ўз қавмларининг улкан қабиҳ ишлари–баччабозликларини қоралашга бошлайдилар. Аллоҳ таоло инсонни эркак ва аёл жинсида яратди. Ҳар бирига ўзига хос аъзолар ва хусусиятлар берди. Аллоҳ таоло инсон зотини жинсий яқинлик йўли билан яратиб, унинг насли покиза йўл билан кўпайиб туришини ирода ва ҳаётий зарурат қилди. Бу йўлдан тажовуз қилганлар ва Аллоҳ иродасига зид бориб, эркакларга шаҳват ила яқинлик қиладиганлар ақидаси бузуқ ва тубан кишилар ҳисобланадилар. Шу боисдан мазкур қиссада худди шу фоҳишалик бош масала қилиб кўтарилади. Бинобарин, Лут (а. с.) бу ёруғ оламда ҳеч бир зот қилмаган улкан гуноҳга биринчи бўлиб қўл урган қавмларини: «Йўқ! Сизлар исрофчи қавмсиз!» деб таърифламоқдалар.)
وَمَا كَانَ جَوَابَ قَوۡمِهِۦٓ إِلَّآ أَن قَالُوٓاْ أَخۡرِجُوهُم مِّن قَرۡيَتِكُمۡۖ إِنَّهُمۡ أُنَاسٞ يَتَطَهَّرُونَ
Қавмнинг жавоби: «Уларни қишлоғингиздан чиқариб юборинг, чунки улар жуда ҳам покиза бўлаверадиган одамлар экан», дейишларидан бошқа нарса бўлмади. (Инсофни кўринг. Инсон табиатига мувофиқ иш қилган, ҳалолу пок бўлиб, бошқаларни покизаликка чақирган кишилар юртларидан ихрож қилинар эканлар. Уларнинг «айблари» битта–жуда ҳам покиза одам бўлганликлари. Инсонийлик қиёфасини йўқотган қавм шу даражага етар экан-да. Ўзлари инсоният бўйнига тавқи лаънат бўлиб осиладиган амалларни тап тортмай қилаётганлари етмаганидек, уларга ўхшашни хоҳламаган, инсонлигини йўқотмаган, Аллоҳнинг амрида юришга ҳаракат қилганларни покизаликда айблайдилар.)