فَلَمَّا كَشَفۡنَا عَنۡهُمُ ٱلرِّجۡزَ إِلَىٰٓ أَجَلٍ هُم بَٰلِغُوهُ إِذَا هُمۡ يَنكُثُونَ
Қачонки устиларидаги азобни ўзлари етиб борадиган муддатга кўтарсак, қарабсанки, қасамларини бузиб турибдилар.
فَٱنتَقَمۡنَا مِنۡهُمۡ فَأَغۡرَقۡنَٰهُمۡ فِي ٱلۡيَمِّ بِأَنَّهُمۡ كَذَّبُواْ بِـَٔايَٰتِنَا وَكَانُواْ عَنۡهَا غَٰفِلِينَ
Бас, улардан интиқом олдик. Оятларимизни ёлғонга чиқарганлари ва улардан ғофил бўлганлари учун уларни денгизга ғарқ қилдик. (Аллоҳ таоло вақти-соати етганида, қоил мақом қилиб интиқом олди. Аллоҳнинг оятларини рад этиб, кофирлардан ибрат олмай, ғофил бўлганлари учун сув қаърига ғарқ бўлиб, ҳаммалари бирданига ҳалок бўлдилар. Ояти каримада, денгизга ғарқ қилдик, дейилади.)
وَأَوۡرَثۡنَا ٱلۡقَوۡمَ ٱلَّذِينَ كَانُواْ يُسۡتَضۡعَفُونَ مَشَٰرِقَ ٱلۡأَرۡضِ وَمَغَٰرِبَهَا ٱلَّتِي بَٰرَكۡنَا فِيهَاۖ وَتَمَّتۡ كَلِمَتُ رَبِّكَ ٱلۡحُسۡنَىٰ عَلَىٰ بَنِيٓ إِسۡرَـٰٓءِيلَ بِمَا صَبَرُواْۖ وَدَمَّرۡنَا مَا كَانَ يَصۡنَعُ فِرۡعَوۡنُ وَقَوۡمُهُۥ وَمَا كَانُواْ يَعۡرِشُونَ
Ва хўрланиб юрган қавмни эса, Ўзимиз баракали қилган ернинг машриқию мағрибига меросхўр қилдик. Сабр қилганлари учун Роббингнинг гўзал сўзлари Бани Исроилга батамом бўлди. Фиръавн ва унинг қавми қурган нарсаларни ва улар юксалтирган нарсаларни вайрон қилдик. (Оятдаги «хўрланиб юрган қавм»дан мурод Бани Исроилдир. Фиръавн ва унинг аҳли Бани Исроил ўғлонларини ўлдириб, қизларини чўри, ўзларини хизматкор қилиб, мудом хўрлашар эдилар. Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг қавмини улкан жиноятлари боисидан ғарқ этиб, ҳалок қилганидан сўнг, «хўрланиб юрган қавм»ни Ўзи баракали қилиб қўйган ернинг машриқ ва мағрибига меросхўр қилганини эслатмоқда. Энди улар хорликдан қутулиб, озод ва фаровон турмуш кечириш имконига эга бўлдилар.)