فَلَمۡ تَقۡتُلُوهُمۡ وَلَٰكِنَّ ٱللَّهَ قَتَلَهُمۡۚ وَمَا رَمَيۡتَ إِذۡ رَمَيۡتَ وَلَٰكِنَّ ٱللَّهَ رَمَىٰ وَلِيُبۡلِيَ ٱلۡمُؤۡمِنِينَ مِنۡهُ بَلَآءً حَسَنًاۚ إِنَّ ٱللَّهَ سَمِيعٌ عَلِيمٞ
Уларни сиз ўлдирмадингиз, балки Аллоҳ ўлдирди. Отган пайитингда, сен отмадинг, балки Аллоҳ отди. Ва мўминларни гўзал синов ила синаш учун (шундай қилди). Албатта, Аллоҳ эшитгувчи ва билгувчи зотдир. (Бадр урушида Пайғамбаримиз (с. а. в.) сиқимларига тупроқ олиб, мушриклар томонга «Шаҳатил вужуҳ» (Юзлар қаро бўлсин!) деб отганлари ривоятларда собит. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос (р. а.) бу ҳақда шундай ривоят қиладилар: «Бадр куни Расулуллоҳ (с. а. в.) қўлларини кўтариб: «Эй бор Худоё, агар ушбу жамоа ҳалок бўлса, ер юзида сенга ибодат қиладиган одам қолмайди...» деб дуо қилдилар. Жаброил келиб у кишига: «Бир сиқим тупроқ олиб, уларнинг юзига қараб от!» деди. Бир сиқим тупроқ олиб, уларга отдилар. Кўзига ва оғзи-бурнига тупроқ кирмаган бирорта ҳам мушрик қолмади. Шундан кейин ортларига қараб қоча бошладилар».)
ذَٰلِكُمۡ وَأَنَّ ٱللَّهَ مُوهِنُ كَيۡدِ ٱلۡكَٰفِرِينَ
Ана ўшалар (нинг сизга бўлиши) Аллоҳ, албатта, кофирларнинг ҳийласини заиф қилгувчи бўлганидандир.
إِن تَسۡتَفۡتِحُواْ فَقَدۡ جَآءَكُمُ ٱلۡفَتۡحُۖ وَإِن تَنتَهُواْ فَهُوَ خَيۡرٞ لَّكُمۡۖ وَإِن تَعُودُواْ نَعُدۡ وَلَن تُغۡنِيَ عَنكُمۡ فِئَتُكُمۡ شَيۡـٔٗا وَلَوۡ كَثُرَتۡ وَأَنَّ ٱللَّهَ مَعَ ٱلۡمُؤۡمِنِينَ
Агар орани очишни сўраган бўлсангиз, бас, батаҳқиқ сизга орани очиш келди. Агар тўхтасангиз, бу ўзингиз учун яхшидир. Агар сиз қайтсангиз, Биз ҳам қайтамиз. Сизнинг гуруҳингиз қанча кўп бўлса ҳам, сизга ҳеч бир ҳожатингизни чиқара олмас. Албатта, Аллоҳ мўминлар билан биргадир.