لَّوۡلَا كِتَٰبٞ مِّنَ ٱللَّهِ سَبَقَ لَمَسَّكُمۡ فِيمَآ أَخَذۡتُمۡ عَذَابٌ عَظِيمٞ
Агар Аллоҳнинг олдиндан ёзгани бўлмаганида, сизга олган нарсаларингиз туфайли улуғ азоб етар эди. (Аллоҳ таоло аввалдан Бадр урушида иштирок этган мусулмонларнинг барча гуноҳларини кечиб юборган эди. Шунинг учун уларнинг бу холатлари ҳам олдиндан ёзиб қўйилган қазои қадарга биноан кечиб юборилди. Бунинг устига, уларга бошқа инъомлар ҳам берди.)
فَكُلُواْ مِمَّا غَنِمۡتُمۡ حَلَٰلٗا طَيِّبٗاۚ وَٱتَّقُواْ ٱللَّهَۚ إِنَّ ٱللَّهَ غَفُورٞ رَّحِيمٞ
Бас, ўлжага олган нарсаларингиздан ҳалол-пок ҳолда енглар. Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта, Аллоҳ мағфират қилгувчи ва раҳмли зотдир.
يَـٰٓأَيُّهَا ٱلنَّبِيُّ قُل لِّمَن فِيٓ أَيۡدِيكُم مِّنَ ٱلۡأَسۡرَىٰٓ إِن يَعۡلَمِ ٱللَّهُ فِي قُلُوبِكُمۡ خَيۡرٗا يُؤۡتِكُمۡ خَيۡرٗا مِّمَّآ أُخِذَ مِنكُمۡ وَيَغۡفِرۡ لَكُمۡۚ وَٱللَّهُ غَفُورٞ رَّحِيمٞ
Эй Набий, қўлингиздаги асирларга: «Агар Аллоҳ қалбларингизда яхшилик борлигини билса, сизга ўзингиздан олинган нарсадан кўра яхшироқ нарсани берур ва сизни мағфират қилур. Аллоҳ мағфират қилгувчи ва раҳмли зотдир», деб айт! («Қурайшликлар Расулуллоҳга (с. а. в.) асирларни тўловини бериб, озод қилиш учун одам юбордилар. Аббос: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен мусулмон эдим», деди. Расулуллоҳ (с. а. в.): «Мусулмонлигингни Аллоҳ билади. Аммо сен сиртдан бизга қарши бўлдинг. Ўзинг учун, акаларингнинг ўғиллари учун ҳамда иттифоқдошинг Бани Ҳорис ибн Феҳрнинг укаси учун тўлов бер», дедилар. Аббос: Эй Аллоҳнинг Расули, менда унча мол йўқ», деди. Расулуллоҳ (с. а. в.): «Умму Фазл икковингиз кўмган моллар қани?» дедилар. Аббос: «Аллоҳга қасамки, эй Муҳаммад, сиз Аллоҳнинг Расули эканингизни яхши биламан, бу молларни мен ва Умму Фазлдан бошқа ҳеч ким билмас эди. Мендаги молнинг йигирма уқияси ўзингизга ўтди деб ҳисоблайверинг», деди. Расулуллоҳ (с. а. в.): «Йўқ, у бойлик Аллоҳ сендан бизга олиб берганидир», –дедилар. Аббос ўзига, икки акасининг икки ўғлига ва иттифоқдошига тўлов берди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятини нозил қилди.)