يُرِيدُونَ أَن يُطۡفِـُٔواْ نُورَ ٱللَّهِ بِأَفۡوَٰهِهِمۡ وَيَأۡبَى ٱللَّهُ إِلَّآ أَن يُتِمَّ نُورَهُۥ وَلَوۡ كَرِهَ ٱلۡكَٰفِرُونَ
Улар Аллоҳнинг нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса ҳам, ўз нурини батамом қилишдан бошқа ҳар нарсадан бош тортадир. (Яъни, фақат ўз нурининг тўкис бўлишини истайди.)
هُوَ ٱلَّذِيٓ أَرۡسَلَ رَسُولَهُۥ بِٱلۡهُدَىٰ وَدِينِ ٱلۡحَقِّ لِيُظۡهِرَهُۥ عَلَى ٱلدِّينِ كُلِّهِۦ وَلَوۡ كَرِهَ ٱلۡمُشۡرِكُونَ
У гарчи мушриклар ёқтимаса ҳам, Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан ҳамма диндан устун қилиш учун юборган зотдир. (Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммадни (с. а. в.) ҳидоят ва ҳақ дин билан юборган. У дини Исломнинг дунёдаги барча динлардан устун бўлишини хоҳлайди. Аҳли китоблар Аллоҳниг бу хоҳишига қарши чиқадилар. Улар Исломнинг бошқа динлардан устунлигини кўра олмайдилар. Шунинг учун қўлларидан келган барча ёмонликларни қиладилар.)
۞يَـٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ إِنَّ كَثِيرٗا مِّنَ ٱلۡأَحۡبَارِ وَٱلرُّهۡبَانِ لَيَأۡكُلُونَ أَمۡوَٰلَ ٱلنَّاسِ بِٱلۡبَٰطِلِ وَيَصُدُّونَ عَن سَبِيلِ ٱللَّهِۗ وَٱلَّذِينَ يَكۡنِزُونَ ٱلذَّهَبَ وَٱلۡفِضَّةَ وَلَا يُنفِقُونَهَا فِي سَبِيلِ ٱللَّهِ فَبَشِّرۡهُم بِعَذَابٍ أَلِيمٖ
Эй иймон келтирганлар! Албатта, ҳибр ва роҳибларнинг кўплари одамларнинг молларини ботил йўл билан ерлар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсарлар. Олтин ва кумушни хазинага босадиган, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азобнинг башоратини беравер. (Аҳли китобларнинг ҳибр ва роҳиблари мол-дунёга ўчлиги тарихда маълум ва машҳурдир. Улар одамларнинг молларини ботил йўл билан еганлар. Ушбу ояти каримада бу қабиҳ иш уларнинг «кўпларига» нисбат берилмоқда. Озчилиги ботил йўл билан одамларнинг молини ейишга қизиқмайди. Бу эса, воқеъликка тўғри келади. Бир вақтлар ҳибр ва роҳиблар тўплаган дунёлари подшоҳ ва императорларникидан ҳам кўплиги ошкор бўлган. Ояти каримада баён қилинишича, ҳибр ва роҳиблар фақат одамларнинг молларини ботил йўл орқали ейиш билан кифояланиб қолишмайди. Балки Аллоҳнинг йўлидан тўсадилар ҳам:)