إِن تُصِبۡكَ حَسَنَةٞ تَسُؤۡهُمۡۖ وَإِن تُصِبۡكَ مُصِيبَةٞ يَقُولُواْ قَدۡ أَخَذۡنَآ أَمۡرَنَا مِن قَبۡلُ وَيَتَوَلَّواْ وَّهُمۡ فَرِحُونَ
Агар сенга яхшилик етса, уларни хафа қиладир. Агар сенга мусибат етса: «Олдиндан ишнинг олдини олган эдик», деб хурсанд бўлиб юз ўгириб кетарлар. (Аҳли Исломга етган яхшилик мунофиқлар учун мусибатдир. Аммо аҳли Исломга мусибат етса, мунофиқлар хурсанд бўладилар. Яхшиям уларга қўшилмаганимиз, уларнинг гапига кирмай, ишнинг олдини олган эканмиз, соғ-саломат қолдик, дейишади.)
قُل لَّن يُصِيبَنَآ إِلَّا مَا كَتَبَ ٱللَّهُ لَنَا هُوَ مَوۡلَىٰنَاۚ وَعَلَى ٱللَّهِ فَلۡيَتَوَكَّلِ ٱلۡمُؤۡمِنُونَ
Сен: «Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг хожамиздир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккал қилсинлар», деб айт. (Яъни, бизга нима етса ҳам, Аллоҳдан етади. Аллоҳ таоло бизга нимани битган бўлса, ўшани кўрамиз.)
قُلۡ هَلۡ تَرَبَّصُونَ بِنَآ إِلَّآ إِحۡدَى ٱلۡحُسۡنَيَيۡنِۖ وَنَحۡنُ نَتَرَبَّصُ بِكُمۡ أَن يُصِيبَكُمُ ٱللَّهُ بِعَذَابٖ مِّنۡ عِندِهِۦٓ أَوۡ بِأَيۡدِينَاۖ فَتَرَبَّصُوٓاْ إِنَّا مَعَكُم مُّتَرَبِّصُونَ
Сен: «Сиз биз учун фақат икки яхшиликдан бирини кутмоқдасиз, холос. Биз эса, Аллоҳ сизни Ўз ҳузурида бўладиган ёки бизнинг қўлимиздан етадиган азобга дучор қилишини кутмоқдамиз. Бас, кутаверинглар, биз ҳам сизлар билан бирга кутувчилармиз», деб айт. (Жиҳодга бормай қолган мунофиқлар жиҳодга кетган мусулмонлар учун икки нарсадан бирини кутадилар, холос. Ўша икки нарса ҳам мусулмон учун яхшиликдир. Улардан бири–мусулмон инсоннинг олий мақсади–Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиб шаҳид бўлишдир. Иккинчиси эса–урушда ғолиб келишдир.)