وَيَقُولُونَ لَوۡلَآ أُنزِلَ عَلَيۡهِ ءَايَةٞ مِّن رَّبِّهِۦۖ فَقُلۡ إِنَّمَا ٱلۡغَيۡبُ لِلَّهِ فَٱنتَظِرُوٓاْ إِنِّي مَعَكُم مِّنَ ٱلۡمُنتَظِرِينَ
Ва улар: «Унга Роббидан оят-мўъжиза тушса эди», дерлар. Бас, сен: «Ғайб Аллоҳникидир. Интизор бўлиб туринг, мен ҳам сиз ила интизор бўлувчиларданман», деб айт. (Мушрикларнинг одатлари шу: атрофларидаги сон-саноқсиз мўъжизалардан кўз юмиб, Пайғамбарнинг (с. а. в.) ва у кишига келаётган ваҳийнинг ҳақ эканлигини тасдиқловчи алоҳида катта моддий мўъжиза келтиришни талаб қилишарди. Ҳазрати Муҳаммаднинг (с. а. в.) шариатлари охирги шариат бўлганидан Аллоҳ таоло мушрикларнинг матлубини ортга суришга аҳд қилган эди. Шу боис Пайғамбари Муҳаммадга (с. а. в.) мушрикларнинг бу бемаъни талабига: «Ғайб Аллоҳникидир. Интизор бўлиб туринг, мен ҳам сиз ила интизор бўлувчиларданман», деб айт», демоқда.)
وَإِذَآ أَذَقۡنَا ٱلنَّاسَ رَحۡمَةٗ مِّنۢ بَعۡدِ ضَرَّآءَ مَسَّتۡهُمۡ إِذَا لَهُم مَّكۡرٞ فِيٓ ءَايَاتِنَاۚ قُلِ ٱللَّهُ أَسۡرَعُ مَكۡرًاۚ إِنَّ رُسُلَنَا يَكۡتُبُونَ مَا تَمۡكُرُونَ
Қачонки одамларга уларга етган зарардан сўнг раҳматни тотдирсак, баногоҳ, уларда оятларимиз ҳақида макр бўлур. Сен: «Аллоҳ макрда тезкордир. Албатта, элчиларимиз қилаётган макрларингизни ёзиб борурлар», деб айт. (Одам боласининг иши қизиқ: бошига мусибат тушса, Аллоҳни эслайди, Унга ёлборади, халос қилишини сўрайди. Мусибат кўтарилганида эса, ҳаммаси ёдидан чиқади, туғёнга кетади ва яна гуноҳ ишларга ботади. Ушбу ҳолат ояти каримада: «Қачонки одамларга уларга етган зарардан сўнг раҳматни тотдирсак, баногоҳ, уларда оятларимиз ҳақида макр бўлур», деб васф қилинмоқда. Ожиз бандалар ўзларича макр қилишга уринадилар. Аммо ҳамма нарсани билгувчи ва ҳар нарсага қодир Аллоҳ уларнинг макрини дарҳол йўққа чиқаради. Бунинг устига, Аллоҳнинг элчилари–фаришталар ҳар бир макрни ёзиб туради. Вақти келганда ўша ёзув маккорлар зиддига ҳужжат бўлади. Маккорлар икки дунёда ҳам макрларининг азобини тортади.)