قُل لَّوۡ كَانَ مَعَهُۥٓ ءَالِهَةٞ كَمَا يَقُولُونَ إِذٗا لَّٱبۡتَغَوۡاْ إِلَىٰ ذِي ٱلۡعَرۡشِ سَبِيلٗا
Сен: «Агар, улар айтганидек, У билан бирга бошқа илоҳлар бўлганида, улар Арш эгаси томон йўл излардилар», деб айт. (Бу оят мушрикларнинг Аллоҳдан бошқа ибодатга сазовор турли илоҳлар бор, деган даъволарига раддиядир. Фаразан, мушриклар айтаётганидек, Аллоҳ таоло билан бирга бошқа илоҳлар бўлса эди, ўша илоҳлар Арш эгаси бўлмиш Аллоҳ томон, унга яқинлашаман деб ёки унинг мулкига соҳиб бўламан, деб йўл излаган бўлар эдилар.)
سُبۡحَٰنَهُۥ وَتَعَٰلَىٰ عَمَّا يَقُولُونَ عُلُوّٗا كَبِيرٗا
У зот улар айтаётган нарсадан пок ва ниҳоятда олийдир.
تُسَبِّحُ لَهُ ٱلسَّمَٰوَٰتُ ٱلسَّبۡعُ وَٱلۡأَرۡضُ وَمَن فِيهِنَّۚ وَإِن مِّن شَيۡءٍ إِلَّا يُسَبِّحُ بِحَمۡدِهِۦ وَلَٰكِن لَّا تَفۡقَهُونَ تَسۡبِيحَهُمۡۚ إِنَّهُۥ كَانَ حَلِيمًا غَفُورٗا
Унга етти осмону ер ва улардаги кимсалар тасбеҳ айтур. Унинг ҳамди ила тасбеҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳини англамассизлар. Албатта, у ҳалийм ва сермағфират зотдир. (Араб тилида тасбиҳ айтиш «Аллоҳни поклаб ёд этиш» маъносини англатади. Ушбу ояти карима бутун борлиқ, барча мавжудот Аллоҳ таолони айбу нуқсондан поклаб тасбиҳ айтишини таъкидламоқда.)
وَإِذَا قَرَأۡتَ ٱلۡقُرۡءَانَ جَعَلۡنَا بَيۡنَكَ وَبَيۡنَ ٱلَّذِينَ لَا يُؤۡمِنُونَ بِٱلۡأٓخِرَةِ حِجَابٗا مَّسۡتُورٗا
Қачон Қуръон қироат қилсанг, сен билан охиратга иймон келтирмайдиганлар орасида кўринмас парда қилурмиз. (Ана ўша кўринмас парда уларни Қуръонга ишонишдан тўсиб туради.)