۞وَلَقَدۡ كَرَّمۡنَا بَنِيٓ ءَادَمَ وَحَمَلۡنَٰهُمۡ فِي ٱلۡبَرِّ وَٱلۡبَحۡرِ وَرَزَقۡنَٰهُم مِّنَ ٱلطَّيِّبَٰتِ وَفَضَّلۡنَٰهُمۡ عَلَىٰ كَثِيرٖ مِّمَّنۡ خَلَقۡنَا تَفۡضِيلٗا

Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик. (Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи учун турли уловларни яратиб, шунга биноан қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳ одам боласини азизу мукаррам қилганидандир. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқдир. Барча махлуқотлар одам боласи учун беминнат хизматкордир. Лекин бу афзалликнинг жавобгарилиги ҳам бор. Қиёмат куни ҳар бир берилган афзаллик ва неъматлардан сўралади. Ҳисоб-китоб қилинади.)


يَوۡمَ نَدۡعُواْ كُلَّ أُنَاسِۭ بِإِمَٰمِهِمۡۖ فَمَنۡ أُوتِيَ كِتَٰبَهُۥ بِيَمِينِهِۦ فَأُوْلَـٰٓئِكَ يَقۡرَءُونَ كِتَٰبَهُمۡ وَلَا يُظۡلَمُونَ فَتِيلٗا

Биз барча одамларни ўз имомлари ила чақирадиган кунни (эсла). Кимга китоби ўнг томонидан берилса, бас, ана ўшалар китобларини ўқирлар ва уларга қилчалик зулм қилинмас. (Аҳли жаннатларнинг, яъни, жаннатга элтувчи амал қилиб ўтганларнинг номаи аъмол китоби ўнг томонидан берилади. Ана ўшанда улар амаллари битилган китобларини мароқ билан ўқийдилар. Ёруғ дунёда ана шундай ишлар қилиб яшаганларидан мамнун бўладилар. Уларга ажру савоблар тўлалигича берилади, заррача зулм қилинмайди.)



الصفحة التالية
Icon