وَبِٱلۡحَقِّ أَنزَلۡنَٰهُ وَبِٱلۡحَقِّ نَزَلَۗ وَمَآ أَرۡسَلۡنَٰكَ إِلَّا مُبَشِّرٗا وَنَذِيرٗا
Уни ҳақ ила нозил қилдик ва ҳақ ила нозил бўлди. Биз сени фақат хушхабар бергувчи ва огоҳлантиргувчи этиб юбордик, холос.
وَقُرۡءَانٗا فَرَقۡنَٰهُ لِتَقۡرَأَهُۥ عَلَى ٱلنَّاسِ عَلَىٰ مُكۡثٖ وَنَزَّلۡنَٰهُ تَنزِيلٗا
Ва Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришинг учун бўлиб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб туширдик.
قُلۡ ءَامِنُواْ بِهِۦٓ أَوۡ لَا تُؤۡمِنُوٓاْۚ إِنَّ ٱلَّذِينَ أُوتُواْ ٱلۡعِلۡمَ مِن قَبۡلِهِۦٓ إِذَا يُتۡلَىٰ عَلَيۡهِمۡ يَخِرُّونَۤ لِلۡأَذۡقَانِۤ سُجَّدٗاۤ
Сен: «Унга иймон келтиринглар ёки иймон келтирманглар барибир. Албатта, ундан олдин илм берилганлар у уларга тиловат қилинганда юзлари ила саждага йиқилурлар», деб айт. (Ушбу оят сажда ояти бўлиб уни ўқиган ёки эшитган одамга қироат саждаси қилишлик вожиб бўлади. Қуръондан олдин илм берилганлар деганда Таврот ва Инжил берилганлар тушунилади. Аллоҳни таниганлар, дин-диёнат, Пайғамбар, илоҳий китоб, ваҳий, фаришта каби нарсалар нима эканини биладиганлар уларга Қуръони Карим тиловат қилиниши билан ўзларини тута олмай саждага йиқиладилар.)
وَيَقُولُونَ سُبۡحَٰنَ رَبِّنَآ إِن كَانَ وَعۡدُ رَبِّنَا لَمَفۡعُولٗا
Ва улар: «Роббимиз мутлақо пок бўлди. Шубҳасиз, Роббимизнинг ваъдаси амалга ошажак», дерлар.