إِنَّهُمۡ إِن يَظۡهَرُواْ عَلَيۡكُمۡ يَرۡجُمُوكُمۡ أَوۡ يُعِيدُوكُمۡ فِي مِلَّتِهِمۡ وَلَن تُفۡلِحُوٓاْ إِذًا أَبَدٗا
Чунки агар улар сизни қўлга олсалар, тошбўрон қиладилар ёки ўз миллатларига қайтарурлар. Ундай бўлса, зинҳор ва абадий нажот топмассиз, дейишди. (Демак, йигитлар қаттиқ таҳдидга учраб, шаҳар аҳолиси уларга, динимизга қайтасизлар ёки сизларни тошбўрон қилиб ўлдирамиз, деганларидан кейингина қочиб ғорга бекинишган экан. Ғорга кириб, ухлаб турганларидан кейин ҳам ўша таҳдидни эсламоқдалар ва пул олиб шаҳарга таом учун борувчини эҳтиёт бўлишга, сездириб қўймасликка чорламоқдалар. Улар ўлимни эмас, шаҳар аҳолисининг жоҳиллигини, ўз миллатлари-динларига қайтишга мажбурлашини ўйлашди. Ҳақиқий мўмин ҳар доим, ҳар жойда иймон ташвишида бўлади.)
وَكَذَٰلِكَ أَعۡثَرۡنَا عَلَيۡهِمۡ لِيَعۡلَمُوٓاْ أَنَّ وَعۡدَ ٱللَّهِ حَقّٞ وَأَنَّ ٱلسَّاعَةَ لَا رَيۡبَ فِيهَآ إِذۡ يَتَنَٰزَعُونَ بَيۡنَهُمۡ أَمۡرَهُمۡۖ فَقَالُواْ ٱبۡنُواْ عَلَيۡهِم بُنۡيَٰنٗاۖ رَّبُّهُمۡ أَعۡلَمُ بِهِمۡۚ قَالَ ٱلَّذِينَ غَلَبُواْ عَلَىٰٓ أَمۡرِهِمۡ لَنَتَّخِذَنَّ عَلَيۡهِم مَّسۡجِدٗا
Шундай қилиб, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини ва қиёмат соатида шубҳа йўқ эканини билишлари учун уларни (одамларга) билдирдик. Энди эса, улар иши ҳақида тортиша бошладилар: «Уларнинг устларига бино барпо қилинглар, Роббилари уларни яхши билгувчидир», дедилар. Ишларига ғолиб келганлар эса: «Уларнинг устларига, албатта, масжид қуриб олурмиз», дедилар. (Бу ердаги «Аллоҳнинг ваъдаси»–охир-оқибат иймон аҳли ғолиб келиши ва ўлгандан кейин қайта тирилиш ҳақлиги ҳақидаги ваъдадир. Йигитлар йиллар ўтиб қайта уйғондилар ва иймон иши ғолиб бўлганини кўрдилар. Иймонга келиб қолган шаҳар аҳолиси иймон йўлидаги жиҳодлари учун Аллоҳ томонидан муносиб тақдирланган каҳф эгаларини ҳақиқий ўлимларидан кейин қандай қилиб иззат-эҳтиром этиш борасида тортиша бошладилар.)