وَلَبِثُواْ فِي كَهۡفِهِمۡ ثَلَٰثَ مِاْئَةٖ سِنِينَ وَٱزۡدَادُواْ تِسۡعٗا
Ва каҳфларида уч юз йил қолдилар ва тўққиз йил зиёда ҳам қилдилар. (Йигитлар каҳфларида шамсий йил ҳисоби бўйича уч юз йил, қамарий йил ҳисоби бўйича уч юз тўққиз йил қолдилар. Чунки шамсий юз йил қамарий бир юз уч йилга тўғри келади, деган тафсирчиларимиз ҳам бор. Бу хулоса уларнинг ўз ижтиҳодаларидир. Чунки Қуръони Каримда ҳам, суннати набавияда ҳам бу ҳақда, яъни, шамсий ва қамарий йил ҳисоби ушбу оятда эътиборга олингани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Шунинг учун оятда келганини ўз ҳолича қабул қилган маъқул.)
قُلِ ٱللَّهُ أَعۡلَمُ بِمَا لَبِثُواْۖ لَهُۥ غَيۡبُ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِۖ أَبۡصِرۡ بِهِۦ وَأَسۡمِعۡۚ مَا لَهُم مِّن دُونِهِۦ مِن وَلِيّٖ وَلَا يُشۡرِكُ فِي حُكۡمِهِۦٓ أَحَدٗا
Сен: «Уларнинг қанча қолганларини Аллоҳ яхши билгувчидир. Осмонлару ернинг ғайби Унга хосдир. У зот нақадар яхши кўргувчи ва яхши эшитгувчи зотдир. Уларга Ундан ўзга дўст йўқдир. Ва У Ўз ҳукмида ҳеч кимни шерик қилмас», дегин.
وَٱتۡلُ مَآ أُوحِيَ إِلَيۡكَ مِن كِتَابِ رَبِّكَۖ لَا مُبَدِّلَ لِكَلِمَٰتِهِۦ وَلَن تَجِدَ مِن دُونِهِۦ مُلۡتَحَدٗا
Сенга Роббинг китобидан ваҳий қилинганини тиловат қил. Унинг калималарини алмаштиргувчи йўқ. Ундан ўзга ҳеч қандай паноҳни топа олмассан.
وَٱصۡبِرۡ نَفۡسَكَ مَعَ ٱلَّذِينَ يَدۡعُونَ رَبَّهُم بِٱلۡغَدَوٰةِ وَٱلۡعَشِيِّ يُرِيدُونَ وَجۡهَهُۥۖ وَلَا تَعۡدُ عَيۡنَاكَ عَنۡهُمۡ تُرِيدُ زِينَةَ ٱلۡحَيَوٰةِ ٱلدُّنۡيَاۖ وَلَا تُطِعۡ مَنۡ أَغۡفَلۡنَا قَلۡبَهُۥ عَن ذِكۡرِنَا وَٱتَّبَعَ هَوَىٰهُ وَكَانَ أَمۡرُهُۥ فُرُطٗا
Ўзингни эртаю кеч Роббиларига дуо қилиб, Унинг юзини ирода қилувчилар ила сабр этиб тут. Ҳаёти дунё зийнатини хоҳлаб, улардан икки кўзингни бурма. Қалбини Ўз зикримиздан ғофил қилиб қўйганларимизга ва ҳавойи нафсига эргашиб иши издан чиққанларга итоат қилма. (Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида тафсири Кабирда қуйидагилар ривоят қилинади: «Қурайш раҳбарлари тўпланиб Расулуллоҳнинг (с. а. в.) ҳузурларига боришди ва: «Агар бизнинг сенга иймон келтиришимизни истасанг, анави фақир-фуқораларни ҳузурингдан ҳайда», дейишди. Улар бу гаплари билан Билол, Ҳаббоб, Суҳайб ва бошқаларни кўзда тутган эдилар. Қурайшликлар яна: «Улар билан бир жойда бўлсак, кўнглимиз айнийди. Улар билан бирга тўпланишга алоҳида вақт тайин қилиб қўй», дейишди. Ана шунда Аллоҳ таоло: «Ўзингни эртаю кеч Роббиларига дуо қилиб, унинг юзини ирода қилувчилар ила сабр этиб тут» оятини нозил қилди».)