ٱلۡمَالُ وَٱلۡبَنُونَ زِينَةُ ٱلۡحَيَوٰةِ ٱلدُّنۡيَاۖ وَٱلۡبَٰقِيَٰتُ ٱلصَّـٰلِحَٰتُ خَيۡرٌ عِندَ رَبِّكَ ثَوَابٗا وَخَيۡرٌ أَمَلٗا

Мол-мулк, бола-чақа ҳаёти дунё зийнатидир. Боқий қолгувчи солиҳ амаллар Роббинг ҳузурида савоб ва умид жиҳатидан яхшироқдир. (Ҳа, молу мулк, бола-чақа бу дунёнинг зийнатидир, аммо қиймати эмасдир. Исломда зийнатга ҳам ҳалол-пок бўлиш шарти ила изн берилган. Аммо зийнатлар ҳаёт қадрини ўлчовчи қийматга айлантирилмаган. Зийнатга зийнат деб қаралган. Исломда боқий қолувчи солиҳ амаллар қиймат саналади. Инсонга унинг иймони ва яхши амалига қараб қиймат берилади.)


وَيَوۡمَ نُسَيِّرُ ٱلۡجِبَالَ وَتَرَى ٱلۡأَرۡضَ بَارِزَةٗ وَحَشَرۡنَٰهُمۡ فَلَمۡ نُغَادِرۡ مِنۡهُمۡ أَحَدٗا

Тоғларни юргизадиган ва ерни яп-яланғоч кўрадиган кунда. Ўшанда уларни жамлаймиз ва бирон кишини қўймаймиз.


وَعُرِضُواْ عَلَىٰ رَبِّكَ صَفّٗا لَّقَدۡ جِئۡتُمُونَا كَمَا خَلَقۡنَٰكُمۡ أَوَّلَ مَرَّةِۭۚ بَلۡ زَعَمۡتُمۡ أَلَّن نَّجۡعَلَ لَكُم مَّوۡعِدٗا

Ва Роббингга сафга тортилган ҳолларида рўбарў қилиндилар. «Батаҳқиқ, сизларни аввал қандай яратган бўлсак, шундай Бизга келдингиз. Аммо сиз Бизни ҳеч жой ва вақт ваъда қилганимиз йўқ, деб ўйлар эдингиз», (дейилди). (Яъни, онадан янги туғилгандай ҳолда қайта тирилиб ҳузуримга келдингиз. Молу дунёнгиз, бола-чақангиз, хизматчи-мардикорингиз, мансаб-амалингиз ва дўст-ёрингиз у дунёда қолиб кетди. Ваъда қилинган қиёмат кунига, маҳшардаги тўпланиш жойига ишонмас эдингиз. Мана, ваъда қилинган ўша вақт–қиёмат куни қойим бўлди. Мана, ваъда қилинган ўша жойда–маҳшарда саф тортиб турибсиз. Энди сизга ваъда қилинган жазоларни берамиз.)



الصفحة التالية
Icon