فَإِن زَلَلۡتُم مِّنۢ بَعۡدِ مَا جَآءَتۡكُمُ ٱلۡبَيِّنَٰتُ فَٱعۡلَمُوٓاْ أَنَّ ٱللَّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ
Агар очиқ баёнотлар келгандан кейин ҳам тойилсангиз, билингки, албатта, Аллоҳ азиз ва ҳикматлидир.
هَلۡ يَنظُرُونَ إِلَّآ أَن يَأۡتِيَهُمُ ٱللَّهُ فِي ظُلَلٖ مِّنَ ٱلۡغَمَامِ وَٱلۡمَلَـٰٓئِكَةُ وَقُضِيَ ٱلۡأَمۡرُۚ وَإِلَى ٱللَّهِ تُرۡجَعُ ٱلۡأُمُورُ
Улар Аллоҳ ва фаришталар сояли булутларда келиши ҳамда ишнинг тугашидан бошқага интизор бўлмаяптилар шекилли?! Ва барча ишлар Аллоҳга қайтажак. (Очиқ-ойдин баёнотлар, ҳужжат ва далиллар келгандан кейин ҳам Исломга юрмай, шайтоннинг изидан юришларидан улар худди қиёматни интизор бўлиб кутаётганга ўхшайди. Иш тугаб, ҳамма нарса охирига етадиган кунни кутаётганга ўхшайди. Бўлмаса, ҳамма нарса аниқ бўлган бўлса ҳам, нима учун Исломга кирмай турибдилар? Нима уларнинг йўлини тўсяпти? Улар билиб қўйсинларки, «барча ишлар Аллоҳга қайтажак».)
سَلۡ بَنِيٓ إِسۡرَـٰٓءِيلَ كَمۡ ءَاتَيۡنَٰهُم مِّنۡ ءَايَةِۭ بَيِّنَةٖۗ وَمَن يُبَدِّلۡ نِعۡمَةَ ٱللَّهِ مِنۢ بَعۡدِ مَا جَآءَتۡهُ فَإِنَّ ٱللَّهَ شَدِيدُ ٱلۡعِقَابِ
Бани Исроилдан уларга қанча оятларни берганимизни сўра. Кимки ўзига келган Аллоҳнинг неъматини ўзгартирса, бас, албатта, Аллоҳ иқоби қаттиқ зотдир.
زُيِّنَ لِلَّذِينَ كَفَرُواْ ٱلۡحَيَوٰةُ ٱلدُّنۡيَا وَيَسۡخَرُونَ مِنَ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْۘ وَٱلَّذِينَ ٱتَّقَوۡاْ فَوۡقَهُمۡ يَوۡمَ ٱلۡقِيَٰمَةِۗ وَٱللَّهُ يَرۡزُقُ مَن يَشَآءُ بِغَيۡرِ حِسَابٖ
Куфр келтирганларга бу дунё ҳаёти зийнатланди ва улар иймон келтирганларни масхара қиладилар. Ва ҳолбуки, қиёмат куни тақво қилганлар улардан устундир. Аллоҳ кимни хоҳласа, беҳисоб ризқ беради. (Кофирларнинг Аллоҳ йўлига юрмасликларининг сабаби дунё ҳаётининг зийнатидир. Уларнинг бирдан бир мақсади, фикри-зикри ва орзу-умиди–шу беш кунлик дунёнинг ҳой-ҳаваси, зийнатидир. Кофирлар ҳаётнинг маъносини шунда, деб тушунадилар. Иймонсиз бўлганлари учун ҳайвоний тасаввур ва чегарадан ташқарига чиқа олмайдилар. Мўмин киши учун эса, бу дунёнинг зийнати ҳақир ва аҳамиятсиз нарса ҳисобланади. Улар дунё ҳой-ҳавасига ўч бўлишни ўзларига ор ҳисоблайдилар. Ҳақиқий ҳаёт–охират ҳаёти келган чоқда эса, ҳамма нарса ўз ўрнига тушади. Ўшанда, яъни, қиёмат кунида мўминлар, тақво қилганлар кофирлардан устун бўладилар. Ризқи рўзга келадиган бўлсак, уни Аллоҳ таоло кимга хоҳласа, беҳисоб беради. Ризқ берувчи Унинг Ўзи. Мўминга ҳам, кофирга ҳам бераверади.)