أَرَءَيۡتَ مَنِ ٱتَّخَذَ إِلَٰهَهُۥ هَوَىٰهُ أَفَأَنتَ تَكُونُ عَلَيۡهِ وَكِيلًا
Ҳавои нафсини ўзига худо қилиб олганни кўрдингми?! Энди сен унга вакил бўласанми?! (Йўқ, албатта. Пайғамбарнинг вазифаси ҳавои нафсини ўзига худо қилиб олганларга вакил бўлиш эмас, балки Аллоҳдан келган амрларни кишиларга етказишдир.)
أَمۡ تَحۡسَبُ أَنَّ أَكۡثَرَهُمۡ يَسۡمَعُونَ أَوۡ يَعۡقِلُونَۚ إِنۡ هُمۡ إِلَّا كَٱلۡأَنۡعَٰمِ بَلۡ هُمۡ أَضَلُّ سَبِيلًا
Ёки сен уларнинг кўплари тинглай оладилар ё англай оладилар, деб ҳисоблайсанми? Аслида, уларнинг ҳайвонлардан фарқи йўқ. Балки яна ҳам йўлдан озганроқдирлар. (Ушбу ояти каримада Пайғамбарга (с. а. в.) тасалли ва ҳавои нафсларини худо қилиб олган кофирларни ерга уриш бор.)
أَلَمۡ تَرَ إِلَىٰ رَبِّكَ كَيۡفَ مَدَّ ٱلظِّلَّ وَلَوۡ شَآءَ لَجَعَلَهُۥ سَاكِنٗا ثُمَّ جَعَلۡنَا ٱلشَّمۡسَ عَلَيۡهِ دَلِيلٗا
Роббингнинг сояни қандай ёйиб қўйганини кўрмадингми? Агар хоҳласа, уни жилмас қиларди. Сўнгра қуёшни Биз унга далил қилдик. (Ҳа, агар Аллоҳ хоҳласа, сояни жилмас қилиб, бир хилда, яъни, узаймай ҳам, қисқармай ҳам турадиган қилиб қўяр эди. Мисол учун ерни айланмайдиган қилиб қўйса, соя жилмай тураверар эди, биз эътибор бермайдиган соянинг ёйилиши ҳодисаси ортида Аллоҳнинг улкан қудрати турибди.)
ثُمَّ قَبَضۡنَٰهُ إِلَيۡنَا قَبۡضٗا يَسِيرٗا
Сўнгра Биз уни Ўзимизга аста-секин тортиб олдик.