إِنِّي وَجَدتُّ ٱمۡرَأَةٗ تَمۡلِكُهُمۡ وَأُوتِيَتۡ مِن كُلِّ شَيۡءٖ وَلَهَا عَرۡشٌ عَظِيمٞ
Дарҳақиқат, мен бир аёлни кўрдим. У уларнинг маликаси экан. Унга ҳар нарса берилган экан. Ҳамда унинг улуғ тахти бор экан. (Ўша Сабаъ юртида бир аёлни кўрдим. У аёл халққа подшоҳ экан. Аёлга ҳар нарса берилган экан. Ҳамда ўша маликанинг катта тахти бор экан.)
وَجَدتُّهَا وَقَوۡمَهَا يَسۡجُدُونَ لِلشَّمۡسِ مِن دُونِ ٱللَّهِ وَزَيَّنَ لَهُمُ ٱلشَّيۡطَٰنُ أَعۡمَٰلَهُمۡ فَصَدَّهُمۡ عَنِ ٱلسَّبِيلِ فَهُمۡ لَا يَهۡتَدُونَ
Мен у(аёл)нинг ва қавмининг Аллоҳни қўйиб, қуёшга сажда қилаётганларини ва шайтон уларга амалларини зийнатлаб, йўлдан тўсаётганини кўрдим. Бас, улар ҳидоят топмаслар. (Гап шу ерга келганда, энг муҳим хабар чиқди. Ўша Сабаъ мамлакатига подшоҳ бўлган аёл ва унинг қавми Аллоҳга эмас, қуёшга сажда қилаётган экан. Бу нотўғри йўл. Аллоҳнинг Пайғамбари Сулаймон алайҳиссалом уларнинг бу хатоларини тузатишлари зарур. Шайтон лаънати улар қилаётган гуноҳ амалларни ўзларига чиройли кўрсатиб қўйибди. Агар шу ҳолларида юраверсалар, ҳидоят топмайдилар.)
أَلَّاۤ يَسۡجُدُواْۤ لِلَّهِ ٱلَّذِي يُخۡرِجُ ٱلۡخَبۡءَ فِي ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِ وَيَعۡلَمُ مَا تُخۡفُونَ وَمَا تُعۡلِنُونَ
Осмонлару ердаги сирларни ошкор қиладиган, махфий ва ошкор қилган нарсаларингизни биладиган Аллоҳга сажда қилмайдиларми?!