فَسَقَىٰ لَهُمَا ثُمَّ تَوَلَّىٰٓ إِلَى ٱلظِّلِّ فَقَالَ رَبِّ إِنِّي لِمَآ أَنزَلۡتَ إِلَيَّ مِنۡ خَيۡرٖ فَقِيرٞ
Бас, икковларига суғориб берди. Сўнгра сояга қайтди ва «Эй Роббим, албатта, менга туширажагинг ҳар бир яхшиликка муҳтожман», деди. (Мусо алайҳиссалом ҳалиги икки аёлнинг ҳайвонларини суғориб бердилар. Буни ўзларининг эркак кишилик бурчи, деб билдилар. Демак, кун иссиқ экан. Аввал ҳам сояда ўтирган эдилар. Лекин қийналаётган икки аёлни кўриб, ғоятда чарчаган, ҳориб-толган, очиққан бўлсалар ҳам, туриб уларга ёрдам бердилар. Қайтиб бориб яна соядан жой олдилар. Яна ёлғиз қолдилар. Яна муҳожирлик ғурбатини ҳис этдилар. Ёлғизнинг ёри худо, деб яна Роббул Оламийнга илтижо қилиб: «Эй Роббим, албатта, менга туширажагинг ҳар бир яхшиликка муҳтожман», дедилар.)
فَجَآءَتۡهُ إِحۡدَىٰهُمَا تَمۡشِي عَلَى ٱسۡتِحۡيَآءٖ قَالَتۡ إِنَّ أَبِي يَدۡعُوكَ لِيَجۡزِيَكَ أَجۡرَ مَا سَقَيۡتَ لَنَاۚ فَلَمَّا جَآءَهُۥ وَقَصَّ عَلَيۡهِ ٱلۡقَصَصَ قَالَ لَا تَخَفۡۖ نَجَوۡتَ مِنَ ٱلۡقَوۡمِ ٱلظَّـٰلِمِينَ
Бас, икковларидан бири ҳаё билан юриб келиб: «Отам сенга бизларга суғориб берганинг ҳаққини бериш учун чақирмоқда», деди. Қачонки унга келганида ва қиссани айтиб берганида, у: «Қўрқма, золим қавмлардан нажот топдинг», деди. (Қизлар отасига ҳайвонларини суғориб берган ғариб йигит ҳақида, унинг мардлиги, шижоатлиги, яна ўзи ёлғиз сояда ўтириб қолганлиги ҳақида сўзлаб беришган. Ўшанда оталари қизлардан бирини ўша ғариб йигитни чақириб келиш учун юборади. Мусо алайҳиссалом бу чақириқни қабул қилиб, чолнинг олдига борадилар. Мусо алайҳиссалом уй эгасига бошларидан ўтган қиссани гапириб бердилар. Кўпни кўрган тажрибали чол у кишининг кўнглини кўтариб, қўрқма, энди қутулиб кетдинг, деган маънони айтди.)