وَلَقَد تَّرَكۡنَا مِنۡهَآ ءَايَةَۢ بَيِّنَةٗ لِّقَوۡمٖ يَعۡقِلُونَ
Батаҳқиқ, Биз ундан ақл юритгувчи қавмлар учун очиқ-ойдин оят-белгилар қолдирганмиз. (Лут қавмидан, улар яшаб ўтган диёрдан уларнинг жиноятлари оқибати нима билан тугаганини эслатиб турувчи нишоналар қолдирилгандир. Бу нишоналар ўша қавм ҳақидаги қисса, оят ва эсдаликлар бўлиши мумкин. Шунингдек, улар яшаб ўтган юртнинг қолдиқлари ҳам бўлиши мумкин. Ўлик денгиз ҳудудида Садум шаҳрининг қолдиқлари топилган, ҳозирда кўпчилик бориб кўрмоқда.)
وَإِلَىٰ مَدۡيَنَ أَخَاهُمۡ شُعَيۡبٗا فَقَالَ يَٰقَوۡمِ ٱعۡبُدُواْ ٱللَّهَ وَٱرۡجُواْ ٱلۡيَوۡمَ ٱلۡأٓخِرَ وَلَا تَعۡثَوۡاْ فِي ٱلۡأَرۡضِ مُفۡسِدِينَ
Ва Мадянга биродарлари Шуайбни (юбордик). Бас, у: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг, охират кунидан умидвор бўлинг ва ер юзида бузғунчилик ила харакат қилиб юрманг», деди. (Шуайб алайҳиссалом ҳам, Иброҳимнинг алайҳиссалом зурриётларидан чиққан араблардандирлар.)
فَكَذَّبُوهُ فَأَخَذَتۡهُمُ ٱلرَّجۡفَةُ فَأَصۡبَحُواْ فِي دَارِهِمۡ جَٰثِمِينَ
Бас, уни ёлғончига чиқардилар. Шунда уларни бир силкиниш тутди ва диёрларида чўккалаб қолдилар. (Мадян аҳлининг қай тарзда ҳалокатга учрагани ҳақидаги хабар тафсилоти бошқа сураларда ўтди. Аввал уларга қаттиқ ва даҳшатли овоз келиб, қалбларини ёриб юборди. Кейин кучли зилзила бўлиб, уларни тутдек тўкиб қўйди. Ҳаммалари турган жойларида чўккалаб қолиб, ҳалок бўлдилар. Бу ҳалокат уларнинг иймон йўлига юрмаганликларининг жазоси эди.)