ٱلَّذِينَ يُنفِقُونَ أَمۡوَٰلَهُمۡ فِي سَبِيلِ ٱللَّهِ ثُمَّ لَا يُتۡبِعُونَ مَآ أَنفَقُواْ مَنّٗا وَلَآ أَذٗى لَّهُمۡ أَجۡرُهُمۡ عِندَ رَبِّهِمۡ وَلَا خَوۡفٌ عَلَيۡهِمۡ وَلَا هُمۡ يَحۡزَنُونَ

Аллоҳнинг йўлида молларини сарфлаб, сўнгра сарфлари кетидан миннат қилмай ва озор бермайдиганларнинг ажрлари Роббилари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар. (Аллоҳнинг йўлида сарфланган молнинг савобини тўлиқ олишнинг шарти ҳам бор, у ҳам бўлса, мол сарфловчи миннат қилмаслиги ва молни олганларга озор бермаслиги керак. Миннат қилишлик ёмон одат бўлиб, инсон қалбида оғир яра қолдиради.)


۞قَوۡلٞ مَّعۡرُوفٞ وَمَغۡفِرَةٌ خَيۡرٞ مِّن صَدَقَةٖ يَتۡبَعُهَآ أَذٗىۗ وَٱللَّهُ غَنِيٌّ حَلِيمٞ

Яхши сўз ва кечириш, ортидан озор келадиган садақадан кўра яхшироқдир. Ва Аллоҳ ғаний ва ҳалим зотдир. («Ортидан озор келадиган садақа»нинг кераги йўқ. Ундан кўра бир оғиз ширин сўз ва кечиримли бўлиш яхшироқдир. Бир оғиз бўлса ҳам, ширин сўз қалбнинг жароҳатига малҳам бўлади, кишининг кўнглини кўтаради. Кечириш эса, ҳасад ва ёмонликни ювиб ташлаб, ўрнига муҳаббат ва дўстликни солади.)


يَـٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا تُبۡطِلُواْ صَدَقَٰتِكُم بِٱلۡمَنِّ وَٱلۡأَذَىٰ كَٱلَّذِي يُنفِقُ مَالَهُۥ رِئَآءَ ٱلنَّاسِ وَلَا يُؤۡمِنُ بِٱللَّهِ وَٱلۡيَوۡمِ ٱلۡأٓخِرِۖ فَمَثَلُهُۥ كَمَثَلِ صَفۡوَانٍ عَلَيۡهِ تُرَابٞ فَأَصَابَهُۥ وَابِلٞ فَتَرَكَهُۥ صَلۡدٗاۖ لَّا يَقۡدِرُونَ عَلَىٰ شَيۡءٖ مِّمَّا كَسَبُواْۗ وَٱللَّهُ لَا يَهۡدِي ٱلۡقَوۡمَ ٱلۡكَٰفِرِينَ

Эй иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, молини Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам кишиларга риё учун нафақа қилганга ўхшаб бекорга кетгазманг. У мисоли бир устини тупроқ босган силлиқ тошга ўхшайди. Бас, кучли ёмғир ёғса, силлиқ бўлиб қоладир. Касб қилганларидан ҳеч нарсага қодир бўлмаслар. Ва Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоятга бошламас. (Ушбу ояти каримада садақадан кейин миннат қилиб, озор бериб, қилган яхшилигининг савобидан бебаҳра қолишлик ажойиб бадиий васф билан тасвирланяпти. Бу билан мусулмонлар ҳиссида бу ишнинг нақадар ёмон иш эканлигини жонли тасвир қилинмоқда.)



الصفحة التالية
Icon