فَـَٔاتِ ذَا ٱلۡقُرۡبَىٰ حَقَّهُۥ وَٱلۡمِسۡكِينَ وَٱبۡنَ ٱلسَّبِيلِۚ ذَٰلِكَ خَيۡرٞ لِّلَّذِينَ يُرِيدُونَ وَجۡهَ ٱللَّهِۖ وَأُوْلَـٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡمُفۡلِحُونَ
Бас, қариндошга, мискинга ва йўл ўғлига ҳаққини бер. Ана шу Аллоҳнинг юзини ирода қилганлар учун хайрлидир. Ва ана ўшалар нажот топгувчилардир. (Ризқ бериш Аллоҳ таолонинг қўлида бўлгач, ризқнинг камайиб қолишидан қўрқмай, қариндош-уруғларга, мискинлар ва сафари туфайли муҳтожликка тушиб, йўлда қолганларга ҳақларини бер. Хайр-садақа қил. Сенинг қўлингдаги ризқи рўзда уларнинг ҳам ҳақлари борлигини унутма.)
وَمَآ ءَاتَيۡتُم مِّن رِّبٗا لِّيَرۡبُوَاْ فِيٓ أَمۡوَٰلِ ٱلنَّاسِ فَلَا يَرۡبُواْ عِندَ ٱللَّهِۖ وَمَآ ءَاتَيۡتُم مِّن زَكَوٰةٖ تُرِيدُونَ وَجۡهَ ٱللَّهِ فَأُوْلَـٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡمُضۡعِفُونَ
Одамлар моллари ичида зиёда бўлсин, деб рибо учун берган молингиз Аллоҳ ҳузурида зиёда бўлмас. Аллоҳнинг юзини кўзлаб берган закотингиз эса, бас, ана ўшалар, бир неча баробар қилиб олгувчилардир. («Рибо» ўзбек тилида «судхўрлик» деб юритилади. Рибо бир одам иккинчисига маълум муддатга маълум миқдор пулни устига фоиз қўйиб қайтариш шарти ила беришидир. Аллоҳ таоло рибони ҳаром қилган, ҳаром нарса қанча кўп бўлса ҳам, зиёда бўлмайди. Шунингдек, рибода савоб ҳам йўқ. Балки гуноҳ бор. «Закот» сўзи ўзбек тилида «покиза» ва «зиёда» маъноларини англатади. Дарҳақиқат, закоти берилган мол покизаланади ва Аллоҳ берган барака ила зиёда ҳам бўлади.)