فَأَقِمۡ وَجۡهَكَ لِلدِّينِ ٱلۡقَيِّمِ مِن قَبۡلِ أَن يَأۡتِيَ يَوۡمٞ لَّا مَرَدَّ لَهُۥ مِنَ ٱللَّهِۖ يَوۡمَئِذٖ يَصَّدَّعُونَ

Бас, Аллоҳ томонидан рад қилинмайдиган кун келмасдан аввал тўғри динга юз тут. Ўша кунда (одамлар) бўлак-бзлак бўлурлар.


مَن كَفَرَ فَعَلَيۡهِ كُفۡرُهُۥۖ وَمَنۡ عَمِلَ صَٰلِحٗا فَلِأَنفُسِهِمۡ يَمۡهَدُونَ

Ким куфр келтирса, унинг куфри ўз зарарига. Кимлар яхши амаллар қилган бўлса, ўзлари учун замин тайёрларлар.


لِيَجۡزِيَ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَعَمِلُواْ ٱلصَّـٰلِحَٰتِ مِن فَضۡلِهِۦٓۚ إِنَّهُۥ لَا يُحِبُّ ٱلۡكَٰفِرِينَ

У зот иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларни Ўз фазли ила мукофотлаши учундир. Албатта, У кофирларни севмас. (Банда ҳар қанча яхши амал қилган чоғида ҳам, Аллоҳнинг шукрини жойига келтира олмайди ва жаннатга ҳақдор бўла билмайди. Унга бу мақомни Аллоҳ таоло Ўз фазли-марҳамати ила ато қилади. Чунки у мўмин бўлиб яхши амаллар этган бандаларни севади.)


وَمِنۡ ءَايَٰتِهِۦٓ أَن يُرۡسِلَ ٱلرِّيَاحَ مُبَشِّرَٰتٖ وَلِيُذِيقَكُم مِّن رَّحۡمَتِهِۦ وَلِتَجۡرِيَ ٱلۡفُلۡكُ بِأَمۡرِهِۦ وَلِتَبۡتَغُواْ مِن فَضۡلِهِۦ وَلَعَلَّكُمۡ تَشۡكُرُونَ

Ва Унинг оят-белгиларидан сизга Ўз раҳматидан тоттириш учун, Ўз амри ила кемаларни юрдириш учун ва Унинг фазлидан (ризқ) талаб қилишингиз учун шамолларни хушхабарчи қилиб юборишидир. Шоядки шукр қилсангиз. (Ёмғир ёғишини интиқиб кутаётган кишилар ғир этган шамолдан хурсанд бўлишади. Чунки тажрибада ёмғирдан олдин унинг шамоли келиши аниқланган. Одатда, ёмғирдан олдин эсадиган шамол ёмғирга интизор бўлиб турганлар учун хушхабарчи бўлади. Дарҳақиқат, ўша шамол бандалар Аллоҳнинг раҳматидан тотишлари учун зарур бўлган ёмғирли булутларни олиб келаётган бўлади. Ёмғир ёғади, ҳамма фойдаланади. Ризқи рўз сероб бўлади. Бандалар Аллоҳнинг раҳматидан баҳраманд бўладилар. Шунингдек, авваллари тижорат ва касб-кор учун сафарни ихтиёр этган кишилар денгиз сафарига ҳозирланиб, елканли кемаларини тайёрлаб, шамолни кутишган. Улар учун ҳам шамол хушхабарчи бўлган. Аллоҳнинг амри ила юрган кемада сафар қилиб, ҳожатларини чиқаришган, Аллоҳнинг фазлидан ризқи рўз талаб қилишган.)



الصفحة التالية
Icon