لَّقَدۡ كَانَ لَكُمۡ فِي رَسُولِ ٱللَّهِ أُسۡوَةٌ حَسَنَةٞ لِّمَن كَانَ يَرۡجُواْ ٱللَّهَ وَٱلۡيَوۡمَ ٱلۡأٓخِرَ وَذَكَرَ ٱللَّهَ كَثِيرٗا
Батаҳқиқ, сизлар учун–Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди. (Пайғамбаримиз (с. а. в.) аҳзоб урушида ҳам, одатдагидек, энг гўзал намуналарни кўрсатдилар. Хавф-хатар тасвирлаб бўлмайдиган даражада катта эканига қарамай, заррача қўрқмасдан, Мадинани ҳимоя қилишга чиқдилар. Салмони Форсийнинг (р. а.) фикрларини қабул этиб, ҳандақ қазишни бошладилар. У зот (с. а. в.) шундай хатарли ва нозик бир пайтда мўмин-мусулмонлар учун ишонч, орзу-умид, хотиржамлик тимсолига айландилар.)
وَلَمَّا رَءَا ٱلۡمُؤۡمِنُونَ ٱلۡأَحۡزَابَ قَالُواْ هَٰذَا مَا وَعَدَنَا ٱللَّهُ وَرَسُولُهُۥ وَصَدَقَ ٱللَّهُ وَرَسُولُهُۥۚ وَمَا زَادَهُمۡ إِلَّآ إِيمَٰنٗا وَتَسۡلِيمٗا
Мўминлар аҳзобларни кўрганларида: «Бу бизга Аллоҳ ва Унинг Расули ваъда қилган нарсадир. Аллоҳ ва Унинг Расули рост сўзларлар», дедилар. Бу уларга иймон ва таслимдан бошқа нарсани зиёда этмади. (Яъни, кофирларнинг аҳзоб бўлиб, сонсиз-саноқсиз ададда устларига бостириб келишлари мўминларга иймондан ва Аллоҳ таолога бутунлай ўзларини топширишдан бошқани зиёда қилмади. Уларнинг иймон-эътиқодлари ва мусулмончиликлари яна ҳам кучайди. Ҳа, иймон келтирган, мусулмон бўлган одамлар ана шундай одамлардир.)