وَقَرۡنَ فِي بُيُوتِكُنَّ وَلَا تَبَرَّجۡنَ تَبَرُّجَ ٱلۡجَٰهِلِيَّةِ ٱلۡأُولَىٰۖ وَأَقِمۡنَ ٱلصَّلَوٰةَ وَءَاتِينَ ٱلزَّكَوٰةَ وَأَطِعۡنَ ٱللَّهَ وَرَسُولَهُۥٓۚ إِنَّمَا يُرِيدُ ٱللَّهُ لِيُذۡهِبَ عَنكُمُ ٱلرِّجۡسَ أَهۡلَ ٱلۡبَيۡتِ وَيُطَهِّرَكُمۡ تَطۡهِيرٗا
Виқор билан уйингизда ўтиринг. Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг. Намозни тўкис адо этинг, закот беринг, Аллоҳга ва унинг Расулига итоат қилинг. Албатта, Аллоҳ сиздан кирни кетказиб, бутунлай поклашни хоҳлайди, эй аҳли байт! (Жоҳилият–Исломдан олдинги тузум. У вақтда аёллар очилиб-сочилиб, ясан-тусан қилиб, эркакларнинг эътиборини ўзига тортишга интилар эдилар. Ўзларини бозорга солиб, таналари ва зебу зийнатларини кўз-кўз қилар эдилар. Бундай очилиб-сочилиб юриш «табарруж» дейилади. Аллоҳ таоло Пайғамбаримизнинг (с. а. в.) покиза аёлларини жоҳилият тузумининг хотинлари каби очиқ-сочиқ юрмасликка амр этмоқда. Бу амр ҳар бир муслима аёлга тегишли, лекин ҳар бир муслимага ўрнак бўладиган оналаримизга янада қаттиқроқ тегишли экан.)
وَٱذۡكُرۡنَ مَا يُتۡلَىٰ فِي بُيُوتِكُنَّ مِنۡ ءَايَٰتِ ٱللَّهِ وَٱلۡحِكۡمَةِۚ إِنَّ ٱللَّهَ كَانَ لَطِيفًا خَبِيرًا
Ва уйларингизда тиловат қилинаётган Аллоҳнинг оятларини ва ҳикматни эсланг. Албатта, Аллоҳ ўта латиф ва ўта хабардор бўлган зотдир. (Аллоҳ таоло Пайғамбаримизнинг (с. а. в.) аёлларига улар яшаб турган уйлар оддий уй эмас, Аллоҳнинг оятлари нозил бўлиб, тиловат қилиниб турган манзил эканини эслатмоқда. Пайғамбаримизнинг (с. а. в.) суннатлари жорий этилиб, ҳадислари сўзланиб турган уйлар эканини эслатмоқда. Қуръон оятларини ва Пайғамбарнинг (с. а. в.) ҳикматли ҳадисларини унутмасликка, уларни эслаб, англаб, ўрганиб, сўнг амал қилишга буюрилмоқдалар.)