26. Кейин Аллоҳ пайғамбарига ва мўминларга Ўз томонидан хотиржамлик нозил қилди ҳамда сизлар кўрмаган бир лашкарни (яъни, фаришталарни) туширди ва кофир бўлган кимсаларни азобга дучор қилди. Кофирларнинг жазоси шудир.
____________________
И з о ҳ. Бу оятларда Қуръон жангда ғалабага эришишнинг сабаби лашкар саноғининг кўплиги эмас, балки Аллоҳнинг мадади эканлигини таъкидлайди. Ўша Ҳунайн жангида (ҳижрий саккизинчи йил) мусулмонларнинг лашкари ўн икки минг бўлиб, ўша кунгача мусулмонлар бу қадар сонда кўп бўлмаган эдилар. Шунинг учун айрим мусулмонлар: «Бу сафар сонимиз кўп бўлгани учун енгилмаймиз», деб ғурурландилар ва ғалаба Аллоҳ томонидан бўлишини унутиб қўйдилар. Натижада кофирлар улардан устун келиб, улар чекина бошладилар. Фақат Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом Аллоҳга илтижо қилиб дуо қилганларидан кейин мўминларнинг дилларига бир хотиржамлик иниб, жангга қайтдилар ва Аллоҳнинг мадади билан кофирлардан ғолиб келдилар.