36. Албатта, ойларнинг саноғи Аллоҳнинг наздида, Аллоҳ осмонлар ва Ерни яратган кунида белгилаб қўйганидек, ўн икки ойдир. Улардан тўрти (уруш) ҳаром қилинган (ойлар)дир. Мана шу ҳақ диндир (яъни, ҳақ ҳукмдир). Бас, у ойларда (урушни ҳалол деб жангга кириб) ўзларингизга зулм қилмангиз! Барча мушриклар (бу ҳукмга қарамай) сизларга қарши жанг қилгани каби (биринчи бўлиб жанг бошласалар), сизлар ҳам барчангиз уларга қарши жанг қилингиз! Ва билингизки, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир.
____________________
И з о ҳ. Уруш ҳаром қилинган ойлар: Зул-қаъда, Зул-ҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларидир. Улардан аввалги учтаси кетма-кет келса, Ражаб ойи орадан беш ой ўтгандан кейин чиқади. Бу тартиб ҳазрати Иброҳим пайғамбар замонларидан бери амал қилиб келинаётган ҳақ ҳукм эди. Лекин кейинчалик айрим араблар бу қонунни бузиб, ўзлари жанг қилиб турган пайтларида мазкур ойлар келиб қолса, уларда уруш қилишни ҳалол қилиб олишар ва кейин ўзлари учун қулай бўлган бошқа ойларни ҳаром ой деб эълон қилар эдилар. Навбатдаги оятда мана шу одат ҳақида сўз юритилиб, унинг диёнатсизлик экани таъкидланади.