7. У (Аллоҳ) сизларнинг қайсиларингиз яхшироқ иш — амал қилиб яшашингизни синаш учун олти кунда осмонлар ва Ерни яратган Зотдир. Илгари У зотнинг арши сув устида (яъни, у арш остида сувдан бўлак ҳеч нарса яратилмаган эди). (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), қасамки, агар сиз: «Шак-шубҳасиз, ўлганингиздан кейин қайта тирилурсизлар», десангиз, албатта кофир бўлган кимсалар: «Бу очиқ сеҳр-жодудан ўзга нарса эмас, дейдилар.
____________________
И з о ҳ. Ушбу ояти каримадан маълум бўлишича, Аллоҳ таоло, осмону заминни якшанбадан жумагача — олти кунда яратгандир. Истаган нарсасини биргина: «Бўл», деган фармони билан йўқдан бор қилгувчи Зотнинг Еру кўкни яратишда бу қадар шошмаганининг боиси — коинотдаги энг кичик заррадан тортиб энг катта мавжудотгача ҳамма нарса шунчалар чеварлик билан яратилиб ўз ўрнига қўйилганки, бу тартиб-интизомга четдан бирон куч сунъий йўл билан дахл қилса — аралашса, бутун олам мувозанатига футур етади. Бу ояти карима билан Аллоҳ бизларни ҳар қандай муҳим ишларни қилишда хусусан ўзгаларнинг ҳаёт-мамотларига алоқадор ишларни амалга оширишда шошмасдан, мулоҳазакорлик билан қадам қўйишга даъват этади.