18. Ва унинг (Юсуфнинг) кўйлагини ёлғон қонга (яъни, бир қўйни сўйишиб ўшанинг қонига) бўяб келтирдилар. (Шунда Яъқуб) айтди: «Йўқ! Сизларга ҳавойи-нафсларинг бирон (ёмон) ишни чиройли қилиб кўрсатган. Энди (менинг ишим) чиройли сабр қилмоқдир. Сизлар сўзлаётган бу нарса (айрилиқ-мусибат) устида мадад сўраладиган зот ёлғиз Аллоҳдир».
____________________
И з о ҳ. Юқоридаги оятда иймоннинг асосий рукнларидан бири бўлмиш «чиройли сабр қилмоқ» ибораси мазкур бўлди. Одамзод шундай яратилганки, бошига келган бало-мусибатдан йиғлаб-сиқтаб бесабрлик қилади. Лекин ҳар қандай одам ҳам аста-секин келган кўргуликка кўникиб, энди сабр қилиш лозимлигини англаб етади. Аллоҳга ва барча яхши-ёмон ишлар ёлғиз Унинг амри билан бўлишига сидқидилдан иймон келтирган кишилар эса мусибат тушган биринчи лаҳзаданоқ дод-войсиз «чиройли сабр» қила олар эканлар. Бу хусусида ўзининг Еру кўкка ишонмайдиган фарзанд-дилбандидан ажралиб қолгани ҳақидаги хабарни эшитган заҳоти «чиройли сабр» қилишга рози бўлган Яъқуб алайҳиссалом то Қиёмат иймон-эътиқод эгалари учун ибратдир. Сабр нима эканлиги ҳақида пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом эса шундай марҳамат қилганлар: «Балонинг биринчи зарбаси пайтидаги сабргина чин сабрдир».


الصفحة التالية
Icon