21. Уни Мисрдан сотиб олган (Миср шаҳрининг ҳокими — Қитфийр деган) киши хотини (Зулайҳо)га: «Уни яхшилаб жойлаштиргин. Шояд бизга бирон фойдаси тегиб қолса ёки ўзимизга бола қилиб олармиз», деди. Мана шундай қилиб (яъни, ўлимдан, чоҳдан қутқариб ва Миср ҳокимининг кўнглини мойил қилиш билан) Юсуфни — унга барча тушларнинг таъбирини билдириш учун, — ўша ерга (Миср ҳокимининг уйига) жойлаштириб қўйдик. Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир (яъни, Уни Ўзи хоҳлаган ишни қилишдан ҳеч ким манъ қила олмайди), лекин одамларнинг кўплари (буни) билмайдилар.