50. (Соқий подшоҳнинг ҳузурига қайтиб, унинг кўрган тушини Юсуф қандай таъбир қилганини айтгач), подшоҳ деди: «Уни менинг олдимга келтирингиз!» Қачонки (Юсуфнинг олдига) шоҳ элчиси келгач, у: «Хожангнинг ёнига қайтиб бориб, (аввал) ундан ўз қўлларини кесган аёллар нима бўлганини сўра. Албатта, Парвардигорим уларнинг макрларини билгувчидир», деди.
____________________
И з о ҳ. Бу оятлар замирида Юсуфнинг нақадар покиза қалбли инсон эканлигини кўрсатиб турган уч нуқта бордир. Биринчидан, подшоҳ тушининг таъбири ҳақида сўралганда: «Агар мени бу зиндондан озод қилса, айтаман», демай, батафсил таъбир қилиб бериши; иккинчидан, подшоҳ уни озод қилишга амр қилганида ҳам, у зиндонни дарҳол тарк этмасдан, ўзининг бегуноҳлигини исботлаб беришларини талаб қилиши; учинчидан, ўзининг бегуноҳлигини исботлашда ҳам ўзи туз ичган ернинг ҳурматини сақлаб, «Бориб мени шундай азобга дучор қилган Зулайҳо нима бўлганини билиб келгин», демай, «Қўлларини кесган аёллар нима бўлганини сўраб кел», дейишидир. Бу нуқталарда ақл эгалари учун ибрат бордир.


الصفحة التالية
Icon