6. Улар сиздан яхшилик — Аллоҳнинг раҳматидан аввал ёмонлик — Аллоҳнинг азоби келишини талаб қиладилар. Улардан илгари ҳам бундай мисоллар (Аллоҳнинг азобига дучор бўлганлар) ўтгандир. Албатта, Парвардигорингиз одамлар ўзларига зулм қилгувчи бўлган ҳолларида ҳам мағфират Эгасидир. Албатта, Парвардигорингиз азоби қаттиқ Зотдир.
____________________
И з о ҳ. Бу оят — Макка мушриклари Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломни масхаралаб: «Агар ҳақ пайғамбар бўлсанг, Аллоҳингга бир дуо қил, бизга азоб юборсин» деганларида нозил бўлгандир. Унда одамлар ҳар қанча зулму ноҳақликка берилсалар ҳам, Парвардигор уларни мағфират қилиб, яъни азобга гирифтор қилмай туриши мумкинлиги, лекин азоблаганида, азоби қаттиқ бўлиши ҳақида ва бу мушрикларга ўхшаганлар илгари ҳам ўтганлиги ва қилмишларига яраша жазо олганлиги тўғрисида баён қилинади.