12. (Ахир) бизни (тўғри) йўлимизга ҳидоят қилган Аллоҳга нечун таваккул қилмаймиз. Албатта, биз сизлар етказган озорларга сабр қилурмиз. Таваккул қилгувчилар ёлғиз Аллоҳга таваккул қилсинлар».
____________________
И з о ҳ. Ибн ал-Жавзий айтишларича, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга ўтган пайғамбарларнинг қиссалари бу тарзда сўйлаб берилишига сабаб, биринчидан, у зотга ўзидан аввалги салафларининг ҳоли-хабарларини етказиш бўлса, иккинчи томондан, ўзларининг бошларига ҳам у пайғамбарлар ўз умматлари тарафидан кўрган кўргуликлар тушиши мумкинлиги ва бундай ҳолатда улар каби сабр-тоқат қилиш лозимлигини уқтиришдир. Таваккул, — уламолардан Абу Туробнинг таърифлашича, — ўзини мудом ибодатга чоғлаш, дилни ёлғиз Парвардигорга боғлаш, сафоли кунларда шукр қилиш, балоли кунларда сабр қилишдир.