22. Ҳали улар (яъни, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга замондош бўлган яҳудий ва насороларнинг айримлари ўша Асҳобул-Каҳфни): «Учтадир, тўртинчилари итларидир», десалар, айримлари: «Улар бешта бўлиб, олтинчилари итларидир», деб ғайбга тош отурлар (яъни, аниқ билмаган нарсалари ҳақида гап сотурлар). Яна: «Улар еттитадирлар, саккизинчилари итларидир», ҳам дейдилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), «Уларнинг саноқларини энг яхши биладиган зот Парвардигоримдир. Уларни жуда оз киши билур», денг. Бас, улар (яъни, замондош аҳли китоблар билан Асҳобул-Каҳф) хусусида (ўзингизга нозил бўлган ваҳий воситасида) очиқ мужодала — мунозара қилинг ва (Асҳобул-Каҳф) ҳақида уларнинг биронтасидан фатво — савол сўраманг!