13. (Эй яҳудийлар), сизлар учун бири Аллоҳ йўлида жанг қилган, иккинчиси кофир бўлган икки гуруҳ орасидаги тўқнашувда ибратли ҳодиса бўлган эди. Улар (мусулмонлар) ўз кўзлари билан (кофирларнинг) икки баробар кўп эканини кўриб турар эдилар. Аллоҳ эса Ўзи истаган кишиларни ғолиб қилиш билан қўллаб-қувватлайди. Албатта, бу воқеада фикр эгалари учун ибрат бордир.
____________________
И з о ҳ. Мусулмонлар Бадр жангида ўзларидан бир неча марта кўп бўлган Қурайш кофирларининг устидан ғалаба қозонишгач, Мадинага қайтганларидан кейин Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом яҳудийларни тўплаб: «Эй яҳудийлар, сизлар менинг ҳақ пайғамбар эканимни Тавротдан ўқиб билгансизлар. Бас, шундай бўлгач, бошингизга қурайшликларнинг куни тушмасдан аввал менга қарши туришни бас қилинглар!», дедилар. Шунда улар: «Сен уруш илмидан бехабар бўлган бир гуруҳ жоҳил Қурайшликни енгганинг билан ғурурланма! Бизнинг зўрлигимизни биз билан урушганда биласан», деб жавоб қилишганда юқоридаги оятлар нозил бўлди.