23. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Китобдан (Тавротдан) насибадор бўлган кимсалар ораларида ҳакамлик қилсин учун Аллоҳнинг Китобига чақирилганларни, сўнгра улардан бир гуруҳи юз ўгирган ҳолларида бурилиб кетганларини кўрмадингизми?
____________________
И з о ҳ. Ривоят қилишларича, яҳудийлар ўзларидан бўлган икки зинокорни Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг ҳузурларига келтириб, ҳукм қилишларини сўрашганда у зот тошбўрон қилишга буюрганлар. Улар эса: «Бизнинг динимизда зинокорни юзига қора чаплаб, кўча айлантирилади», деб туриб оладилар. Шунда Таврот китобини келтириб кўришса, унда ҳам тошбўрон қилиш буюрилган бўлиб чиқади ва жиноятчилар қилмишларига яраша жазо оладилар. Бу ҳукмдан норози бўлган яҳудийлар юз ўгириб чиқиб кетганларида юқоридаги оят нозил бўлди.