26. Аллоҳ чивин ёки ундан-да ҳақир нарсалар ҳақида масал айтишдан ҳеч тортинмайди. Иймонли кишилар унинг (масалнинг) ҳақиқатан Парвардигорлари тарафидан эканини биладилар. Кофирлар эса: «Буни мисол қилиш билан Аллоҳ нима демоқчи?», дейдилар. Бу масал сабаб (Аллоҳ) кўпларни адаштиради ва кўпларни ҳақ йўлга ҳидоят қилади. Бу масал сабаб фақат фосиқ кимсаларнигина адаштиради.
____________________
И з о ҳ. Қуръонда асалари, чивин, ўргимчак, чумоли каби майда жониворларнинг ибратли томонларини кўрсатиб берадиган масаллар келганида, баъзи бировлар: «Бу китоб илоҳий китоб бўлганида бундай майда-чуйда ҳашаротлар ҳақида гапирилмаган бўларди», дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ўша ҳашаротларни яратишга уялмагани, бинобарин уларни мисол қилишдан ҳам ҳеч қачон ор қилмаслигини баён этиб, мазкур оятларни нозил қилди.