51. Бирон одам учун Аллоҳ унга сўзлаши жоиз эмас, магар ваҳий-илҳом орқали, ё бирон парда-тўсиқ ортидан ёки бирон элчи-фаришта юбориб, ўша (фаришта Аллоҳнинг) изни-ихтиёри билан ўзи хоҳлаган нарсани ваҳий қилиши орқали (сўзлар). Албатта У юксак ва ҳикмат Эгасидир.
____________________
И з о ҳ. Мазкур оятдан пайғамбарлар Аллоҳ таоло билан уч восита орқали боғланганлари маълум бўлди, биринчиси: ғойибдан келган ваҳий — илҳом ёки ўнгидан келадиган туш орқали. Чунки Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом: «Пайғамбарларнинг тушлари ваҳийдир», деганлар. Бунга мисол Иброҳим халилуллоҳга тушларидан ўз ўғиллари Исмоил забиҳуллоҳнинг Аллоҳ йўлида қурбонлиқ қилишга буюрилишидир. Иккинчиси: бирон парда-тўсиқ ортидан Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига сўзлашидир. Бунга мисол Тур тоғида Аллоҳ таоло Мусо пайғамбарга бевосита сўзлаганидир. Учинчиси: Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларига фаришталар орқали ваҳий юбориши бўлиб, Жаброил алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг ваҳийларини пайғамбарларга элтгувчи фариштадир.


الصفحة التالية
Icon