10. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), дарҳақиқат, сизга байъат-қасамёд қиладиган зотлар ҳеч шак-шубҳасиз, Аллоҳга байъат қилурлар. Аллоҳнинг қўли уларнинг қўллари устида бўлур. Энди ким (ўз қасамёдини) бузса, бас, у фақат ўз зиёнига бузур. Ва ким Аллоҳ билан аҳд-паймон қилган нарсасига вафо қилса, у ҳолда (Аллоҳ) унга улуғ ажр-мукофот ато этур.
____________________
И з о ҳ. Саҳиҳул-Бухорийда ривоят қилинишича, Ҳудайбийя водийсидаги бир дарахт остида ўша жойда ҳозир бўлган бир ярим мингга яқин саҳобалар Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга қўл бериб, то бошларига ўлим соати келгунича, у зотга содиқ бўлишга байъат-қасамёд қиладилар. Қуръон уларнинг пайғамбар воситаларида Аллоҳ таолонинг Ўзига байъат қилганларини уқтиради ва бу байъат Ислом тарихида «Байъатур-ризвон» яъни, Аллоҳ рози бўлган байъат деган ном билан қолади. Бу ҳақда ушбу сурада алоҳида оят мавжуддир.