14. Аъробийлар: «Иймон келтирдик», дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, уларга) айтинг: «Сизлар иймон келтирганларингиз йўқ, лекин сизлар «Бўйинсундик», денглар, (чунки ҳали-ҳануз) иймон дилларингизга кирган эмасдир. Агар сизлар Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этсангизлар, У зот сизларга (қилган яхши) амалларингиздан (яъни, уларнинг савобидан) бирон нарсани камитмас. Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир».
____________________
И з о ҳ. Муфассирларнинг айтишларича, бу ва қуйидаги оятлар Бани Асад номли қабиладан бўлган бир гуруҳ аъробийлар ҳақида нозил бўлгандир. Улар қаҳатчилик йилида Мадинага тушиб, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга ўзларининг мўмин бўлганларини пеш қилиб, у зотдан мусулмонларга тегишли бўлган ўлжалардан уларга ҳам беришларини талаб қилишади. Лекин Қуръон уларнинг дилларига иймон кирмаганини, улар фақат ўлжага эга бўлиш учун зоҳирда Исломга кириб турганларини ошкор қилади ва агар улар сидқидилдан иймон келтириб, Аллоҳ ва пайғамбарга итоат этсалар Аллоҳ таоло уларни бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам кам қилмаслигини уқтиради.


الصفحة التالية
Icon