29. Осмонлар ва Ердаги (барча) жонзот (Унга муҳтождир ва бор тилак-мақсадларини ёлғиз) Ундан сўрар. У зот ҳар куни бир иш-амалдадир.
____________________
И з о ҳ. Ушбу ояти карима ўзи мўъжаз бўлишига қарамасдан Исломий ақиданинг асосий рукнларидан бирини тўла ифодалагандир. Яъни, Еру осмонда Аллоҳ таолога муҳтож бўлмаган ва Ундан мадад-ёрдам тиламаган бирон жонзот йўқдир. У зот ҳар куни, ҳар соат, ҳар лаҳзада Ўзи яратган коинотдаги барча жонзотни бошқариб-парвариш қилиб турадиган Парвардигордир. Бу оят, «Аллоҳ таоло борлиқ ва ундаги нарсаларни яратгач, уларни ўз ҳолига ташлаб қўйган», дейдиган айрим файласуфларга очиқ раддиядир.