10. Албатта бизлар Ердаги кишиларга (Аллоҳ томонидан) ёмонлик ирода қилинганми ёки Парвардигорлари уларга тўғрилик — яхшиликни ирода қилганми, билмасмиз».
____________________
И з о ҳ. Мазкур оятлардан маълум бўладики, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом пайғамбар қилиб юборилишларидан илгари, жоҳилийят даврида жинлар осмон хабарларини ўғирлаб, айрим коҳин-фолбинларга етказиш билан машғул бўлар эканлар. (Бу ҳақда «Ҳижр» сурасининг 18-оятига берилган изоҳда батафсил айтилган эди). Аммо Ислом дини келиб, Қуръон нозил бўла бошлагач эса жинлар учун осмоннинг барча йўллари беркилган ва юқоридаги оятда жинларнинг ўзлари эътироф этишларича, улар Аллоҳ ердаги бандалари бўлмиш инсонларга нимани, яъни, яхшилик ё ёмонликни ирода қилишидан мутлақо бехабардирлар. Бас, жинлардан паноҳ тилаш ёки улардан нажот кутиш нодонликдан ўзга нарса эмасдир. Паноҳ ҳам, нажот ҳам ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзидангина сўралиши лозимдир. Қуръон ушбу оятлари билан мўмин-мусулмонларни ҳар қандай ваҳму гумондан халос этади. Қуйидаги оятларда жинлар тилидан ҳикоя қилиш давом этилади.