5. (Аллоҳ буюрган барча) ишнинг тадбирини тузиб турадиган (фаришта)ларга қасамки, (сизлар албатта қайта тирилиб, ҳисоб-китоб қилинурсизлар)!
____________________
И з о ҳ. Мазкур оятларда Аллоҳ таоло Ўз фаришталарининг номига қасам билан ўлгандан кейин қайта тирилиш ва бу дунёда қилиб ўтилган ҳар бир иш учун ҳисоб бериш бор эканининг хабарини берди. Дарвоқеъ, Аллоҳнинг лашкарлари ҳисобланмиш, сон-саноғини ёлғиз Яратгандан ўзга ҳеч ким билмайдиган фаришталар Аллоҳ таоло амр этган ҳар бир ишни адо қилишга ҳозиру нозир бўлиб турар эканлар. Хусусан, ўлим фариштаси ва унинг ёрдамчилари томонидан бандаларнинг жонларини олиш соати ибратлидир: Ҳадиси шарифда айтилишича, улар кофирнинг жонини олишда худди баданининг ҳар бир аъзосидан мих суғургандек азоблаб олар эканлар, мўминнинг жони эса унинг танасидан гўё боғлиқ қўл арқондан бўшатилгандек осон ва роҳат билан чиқиб кетар экан. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом доим намозларидан кейин: «Парвардигоро, бизларга ўлим мастлигини (яъни, жон чиқар соатидаги машаққатни) осон қилгил», деб дуо қилар эдилар. Энди қуйидаги оятларда юқорида зикр қилинган қайта тирилиш соатидаги аҳвол тасвирланади.