11. Эй мўминлар, Аллоҳнинг сизларга берган неъматини — бир қавм сизларга қўл кўтаришни (яъни, ҳалок қилишни) қасд қилганида уларнинг қўлларини сизлардан қайтарганини эслангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Иймонли кишилар ёлғиз Аллоҳгагина суянсинлар!
____________________
И з о ҳ. Ушбу оят нозил бўлишининг сабаби хусусида бир неча ривоятлар мавжуд. Шулардан бири «Саҳиҳул-Бухорий»да келтирилган ҳадисдир: Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом саҳобалар билан кетаётиб бир дарахтзор манзилга қўндилар. Дам олиш учун ҳар ким ҳар тарафга тарқалиб кетди. Расулуллоҳ ёлғиз ўзлари бир дарахт соясида ёнбошлаб, энди кўзлари илинганда бир шарпадан уйғониб кетдилар. Қарасалар, тепаларида бир аъробий (тоғлик динсиз араблардан) ўзларининг қиличларини яланғочлаб чопмоқчи бўлиб турибди. Расулуллоҳ уйғониб кетганларини кўргач, у: «Энди сени мендан ким сақлай олади?!», деди. Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом эса хотиржамлик билан: «Аллоҳ», деб жавоб қилдилар. Шунда аъробий бирдан бўшашди ва қилични ташлаб, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ёнларига ўтирди. Шовқинни эшитиб етиб келган айрим саҳобалар эса бу ҳолдан лолу ҳайрон бўлиб қолдилар. Мазкур оят Аллоҳнинг Ўзига суянган кишиларни Аллоҳ сақлайди, деб уқтиради.


الصفحة التالية
Icon