Ўшанда шайтон уларга амалларини зийнатлаб кўрсатди ва: «Бу кунда одамлардан сизга ғолиб кела оладиган ҳеч ким йўқ. Мен сизнинг ҳомийингизман», – деди. Икки жамоа бир-бирини кўрганида эса, орқасига қайтди ва: «Албатта, мен сиз кўрмаётган нарсани кўрмоқдаман. Мен Аллоҳдан қўрқаман», – деди. Аллоҳ иқоби шиддатли Зотдир.
____________________
(Яъни, мусулмонлар бир томондан, мушриклар бошқа бир томондан жанг майдонига қараб юриб, бир-бирларига яқин келганда эса, шайтон орқасига қараб қочди. Мушрикларни васваса қилиш, уларнинг ишини зийнатлаб кўрсатиш тўхтади. Демак, шайтон мушриклар мағлубиятга учрашлари шубҳасиз эканлигини кўрган, шунинг учун қочган.)