Биз сенга: «Албатта, Роббинг одамларни иҳота қилиб ўраб олгандир», деганимизни эсла. Биз сенга кўрсатган нарсаларни ва Қуръонда лаънатланган дарахтни фақат одамлар учун синов қилдик, холос. Ва уларни қўрқитамиз. Бас, бу улар учун катта туғёндан бошқани зиёда қилмас.
____________________
(Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломнинг Исро ва Меърожда кўрган нарсалари одамлар учун синов бўлганидек, Қуръонда лаънатланган дарахт ҳам синов бўлди. Қуръонда лаънатланган дарахтдан мақсад Заққум дарахтидир. Ушбу Заққум дарахти ҳақида ас-Соффат сурасида: «... ёки Заққум дарахтими? Дарҳақиқат, Биз уни золимлар учун фитна қилиб қўйдик. Албатта, у дўзах қаъридан чиқадиган дарахтдир. Унинг шингиллари худди шайтонларнинг бошларига ўхшайди. Бас, албатта, улар ундан егувчилардир ва ундан қоринларини тўлдиргувчилардир. Сўнгра, албатта, улар учун унинг устидан қайноқ сувли ичимлик бўлур», дейилган. Ушбу оятдан ҳам Заққум дарахти нима учун Қуръонда лаънатлангани аниқ кўриниб турибди.)


الصفحة التالية
Icon