Балки, Биз уларни ва ота-боболарини баҳраманд қилдик, ҳатто, уларга умр узун кўринди. Улар ерга келиб, уни атрофидан қисқартираётганимизни кўрмайдиларми?! Fолиб келгувчи уларми?
____________________
(Тафсирчи уламоларимиз ояти каримадаги ушбу жумла маъноси ҳақида бир неча хил фикр билдирганлар. Қадимги тафсирчиларимиз, Ернинг атрофидан қисқартирилиши — куфр ерлари қисқариб Ислом ерлари кенгайиб бориши, деганлар. Мужоҳид ва Икрима розияллоҳу анҳум, ернинг атрофидан қисқариши — хароб бўлиши, дейишган. Ал-Афвий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда эса, баракасининг қисқариши, дейилган. Аш-Шаъбий, агар Ер қисқарадиган бўлса, унга сиғмай қолар эдинг, лекин жонлар ва мева-чева, ҳосиллар қисқаради, деган. Икрима розияллоҳу анҳу ҳам, агар Ер қисқарганида, ўтиргани жой топа олмай қолар эдинг, қисқариш ўлимдир, деб айтган. Кейинги давр тафсирчилари эса, роҳат-фароғатда яшаган, Ернинг турли атрофларида ғолиб бўлиб, ўзининг сўзини ўтказиб турган давлатлар ва халқлар баҳрамандликдан ҳовлиқиб кетиб, ҳадларидан ошганларида, нуқсонга дучор қилинишлари — қисқартирилишларидир, дейдилар. Ушбу маънолар бир-бирини тўлдириб келади. Ҳар бир тафсирчи олим ўз замонасидаги воқеликдан, ўз тушунчасидан келиб чиқиб маъно айтган бўлади.)


الصفحة التالية
Icon